Тўдакўл йирик туристик марказга айланади
Бугун туризм оддий саёҳат эмас, балки ҳудудларни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни рағбатлантириш ва табиий бойликларни асраб-авайлашнинг муҳим омилига айланмоқда. Айниқса, табиат ва замонавий инфратузилма уйғунлашган масканлар сайёҳлар учун тобора жозибадор бўлиб бормоқда.
Бухоро ва Навоий вилоятлари туташ ҳудудида жойлашган Тўдакўл ана шундай улкан имкониятларга эга масканлардан бири. Бир қарашда чексизликка туташиб кетгандек туюладиган сув ҳавзаси, кенг соҳиллар, ўзига хос табиат ва ҳудуднинг географик жойлашуви бу ерда туризмнинг янги йўналишларини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 сентябрдаги қарори билан Қизилтепа ҳудудида 6,5 минг гектар майдонни қамраб олган “Тўдакўл” туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар белгилангани эса бу имкониятларни аниқ лойиҳаларга айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.
Туризм қўмитаси раиси А. Аққулов бошчилигидаги ишчи гуруҳ вакилларининг Бухоро ва Навоий вилоятларида бўлиб, Тўдакўл туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш бўйича жойига чиққан ҳолда ўрганиш олиб боргани ҳам мазкур лойиҳанинг амалий босқичга ўтаётганидан далолатдир.
Тўдакўл сув омбори республикадаги йирик сув объектларидан бири ҳисобланади. Унинг умумий майдони 21,7 минг гектарни ташкил этади. Сув ҳавзасининг қарийб 14 километрлик соҳил қисмида пляжлар, дам олиш масканлари ва замонавий туристик инфратузилмани барпо этиш имконияти мавжуд.


Бу эса Тўдакўлни фақат мавсумий ҳордиқ чиқариладиган ҳудуд эмас, балки йил давомида сайёҳлар ва маҳаллий аҳолига турли хизматлар кўрсатиладиган йирик туристик марказга айлантириш имконини беради.
Энг муҳими, янги концепцияда туризмнинг бир нечта йўналишларини бир ҳудудда уйғунлаштириш кўзда тутилмоқда. Хусусан, экотуризм, ов туризми, экстремал, рекреацион, тиббий-соғломлаштириш ва гастрономик туризм йўналишларини ривожлантириш режалаштирилган. Демак, Тўдакўлга келган сайёҳ фақат сув бўйида дам олиб кетмайди. У табиат қўйнида ҳордиқ чиқариши, экстремал машғулотларда иштирок этиши, миллий таомлардан баҳраманд бўлиши, соғломлаштириш хизматларидан фойдаланиши ва ҳудуднинг ўзига хос табиий муҳитини кашф этиши мумкин бўлади.
Ўрганиш жараёнида ҳудудда фаолият юритаётган қарийб 30 та тадбиркорлик субъекти томонидан ташкил этилган турли объектлар ҳам кўздан кечирилди. Бу объектлар ҳудудда тадбиркорлик ташаббуси аллақачон шаклланганини кўрсатади. Энди асосий вазифа мавжуд имкониятларни бир-бири билан боғлаш, хизматлар сифатини ошириш, инфратузилмани яхшилаш ва Тўдакўлнинг ягона туристик бренди остида тизимли ривожланишини таъминлашдан иборат. Шу мақсадда ҳудуд учун ягона мастер-режа ишлаб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Тегишли масъуллар ва манфаатдор томонлар иштирокида ўтказилган йиғилишда замонавий туристик хизматларни йўлга қўйиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ташкил этиш, мавжуд объектларни ривожлантириш ва янги инвестиция лойиҳаларини жалб этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди. Бу ёндашувнинг моҳияти жуда оддий, аммо стратегик аҳамиятга эга: Тўдакўлда ҳар ким ўзича ишлайдиган алоҳида объектлар эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи ягона туристик экотизим яратилади.


Туристик-рекреацион зонанинг ташкил этилиши ҳудуд иқтисодиёти учун ҳам янги имкониятларни очиши кутилмоқда.
Янги меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, овқатланиш шохобчалари, кўнгилочар ва спорт объектлари, сув туризми инфратузилмаси, ҳунармандчилик ва савдо нуқталари ташкил этилса, бу жараён янги иш ўринларини яратиш билан бирга маҳаллий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Айниқса, маҳаллий аҳолини туристик хизматлар соҳасига кенг жалб этиш, касбий кўникмаларини ошириш ва янги даромад манбаларини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.


Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида ривожлантириш, ҳудудларнинг ўзига хос салоҳиятини ишга солиш, янги туристик масканлар ташкил этиш ва хусусий сектор учун қулай шароитлар яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Тўдакўл лойиҳаси ҳам ана шу кенг кўламли ёндашувнинг ҳудудий ифодаси сифатида янги иқтисодий имкониятларни юзага чиқариши мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири