Тинч, соғлом ва барқарор оила – жамиятнинг мустаҳкам пойдевори
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқий, психологик ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва жамиятда аёлга нисбатан ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда нафақат давлат ташкилотлари, балки фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳам фаол иштирок этмоқда.
Андижон вилоятидаги «Hamroh» нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилган «Аёллар эркинлиги ва хавфсизлиги сари қадам» лойиҳаси ана шу йўналишдаги амалий ишлардан бири бўлди.
Мазкур лойиҳа доирасида Андижон шаҳри, Олтинкўл ва Марҳамат туманларида яшовчи хотин-қизларнинг ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий саводхонлигини ошириш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёлларга амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Андижон шаҳри, Олтинкўл ва Марҳамат туманлари маҳаллаларда турли муаммоларга дуч келган ва низоли оилаларда яшовчи аёллар учун оила тинчлиги ва хавфсизлиги, аёлга ҳурмат, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ҳамда зўравонликнинг олдини олишга бағишланган қатор семинар, мулоқот ва маърифий учрашувлар ўтказилди. Ана шу тадбирларда 600 нафардан зиёд хотин-қиз иштирок этди.


Андижон давлат университети, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳамда Андижон давлат чет тиллар институтларида таҳсил олаётган 300 нафарга яқин талаба қизлар иштирокида шахсий хавфсизлик, уларнинг ҳуқуқий ҳамда зарур вазиятларда ҳуқуқий ҳимоя воситаларидан фойдаланишга оид билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида инфосессиялар, давра суҳбатлари ўтказилди.
Тадбирларда хотин-қизларнинг руҳий барқарорлигини, ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, муаммоли ҳолатларда энг тўғри йўлни танлаш, руҳий стрессдан қутулиш юзасидан маслаҳатлар, амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга оид қонунчилик ҳужжатлари, ҳимоя ордери, “1146” ишонч телефони ва бошқа ёрдам хизматларидан фойдаланиш механизмлари тушунтирилди.
- Ўтказилган тадбир, семинар-тренингларнинг сифати ва самарадорлиги юқори бўлиши учун вилоятдаги тажрибали ҳуқуқшунослар, катта ҳаётий тажрибага эга хотин-қизлар фаоллари, малакали психолог ва мутахассислар жалб этилди, - дейди «Hamroh» нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Гулнорадан Юлдашева. - Натижада лойиҳага қамраб олинган аёлларга ҳуқуқий саводхонликни ошириш, зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимояланиш, ёрдам хизматларидан фойдаланиш бўйича зарур билим ва тушунчалар берилди. Оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёлларга эса зарур ёрдамлар кўрсатилди.


Умуман, лойиҳа давомида ўтказилган тадбирлар орқали аёлнинг жамиятда муносиб ўрин топиши, оилада ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш ғоялари кенг тарғиб қилинди. Энг муҳими, жамоатчиликнинг оиладаги зўравонликка нисбатан муросасиз муносабати мустаҳкамланди, хотин-қизларнинг ваколатли идоралар ва ёрдам марказларига ишончи ошди.
Зеро, аёл ўзини хавфсиз, қадрли ва ҳимояланган ҳис қилган оилада тинчлик қарор топади. Тинч, соғлом ва барқарор оила эса жамиятнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири