Тиланчилик қилганлик учун қандай жазо кўлланилади?
Ҳуқуқий муносабат
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Айгерим Арипбаеванинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188³-моддасига кўра, тиланчилик билан шуғулланиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилишига сабаб бўлади.
Хусусан, аэропортлар, вокзаллар, хиёбонлар, истироҳат боғлари, бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудлари, уларга туташ жойларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчалар, стадионлар, бекатлар, йўлларнинг қатнов қисми, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий нарсаларни беришни тиланиб сўраш жавобгарликка сабаб бўлади.
Шунингдек, вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилишига сабаб бўлади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА