Тил яшаса, миллат яшайди...
Нукусда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Нукусда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари О.Ҳамраев ва бошқалар халқимизда “Тил – миллат кўзгуси”, “Тил яшаса, миллат яшайди”, “Тил – миллатнинг бебаҳо бойлиги” деган сўзлар бежиз айтилмагани, ҳар бир халқнинг ўзлигини намоён қилишида, жамият ривожида тил ғоят муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Тил халқнинг тарихини, маънавий қадриятларини, маданий меросини, урф-одат ва дастурларини ўзида мужассам этган бебаҳо хазинаси ҳисобланади.
Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида муҳим ўрин эгаллаб келаётган миллий бойликларимиздан биридир. Шу боис мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб юртимизда давлат тилини ривожлантиришга, уни янада бойитиш ва соф ҳолида келажак авлодга етказишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги давр талабидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича ҳам кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимизни чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрларни тайёрлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтармоқда.
Айниқса, Президентимизнинг ташаббуси билан атоқли аллома ва адибларимизнинг номлари билан аталган ижод мактабларининг барпо этилиши бу йўлдаги яна бир муҳим қадамлардан бўлди.
Албатта, бу ўз навбатида ўзбек тилининг халқаро майдондаги нуфузини ошириб, фаол мулоқот қуролига айланишига мустаҳкам асос яратмоқда. Хорижий давлатлардаги кўплаб университетлар, илмий муассасаларда ўзбек тили марказларининг ташкил этилганлиги, уларда ўзбек тилини ўрганишга қизиқувчилар сонининг тобора ортиб бораётгани, Япония, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Жанубий Корея, Хитой каби дунёнинг тараққий этган давлатлари олий таълим муассасаларида ўзбек тилининг ўргатилаётганини таъкидлаш жоиз.
Бу каби тадбирлар давлат тилига бўлган эътибор ва ғамхўрликни янада ошириш билан бирга, унинг бундан буён ҳам ривожланишига, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этади.
Тадбирда ўзбек тили ва адабиёти фанидан ўтказилган кўрик-танловлар ғолиби бўлган умумий ўрта таълим мактабларининг бир гуруҳ ўқитувчилари тақдирланди.
Тадбирда санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.



