Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Германия Федератив Республикасининг миграция келишувлари бўйича махсус вакили Ёаҳим Штамп бошчилигидаги делегация Самарқанд давлат тиббиёт университетида ҳам бўлди. «Миграция ва мобиллик» ҳукуматлараро битим лойиҳаси доирасидаги немис тилини ўқитиш дастурида иштирок этаётган ҳамширалар билан учрашди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, «Миграция ва мобиллик» ҳукуматлараро битим лойиҳаси юртдошларимизни Германия стандартлари асосида касб-ҳунарга ўқитиш, немис тилини ўргатиш хусусан, ҳамшираларга ушбу давлатда юқори даромадли ишларга жойлашиш имкониятини янада оширади.
***
Самарқанд давлат тиббиёт университетининг Кўп тармоқли клиникаси Жарроҳлик марказида Даун синдроми билан оғриган 200 дан ортиқ бола учун офтальмологик, стоматологик ва оторинолорингологик скрининг текшируви ўтказилди.
Текширувлар MESCA (Medical Excellence and Science in Central Asia) жамғармаси томонидан Швейцария, Тошкент ва СамДТУ неврология кафедраси мутахассислари иштирокида амалга оширилди.
Жамғарма томонидан эшитиш бўйича ва стоматологик текширувлар ўтказиш ҳам режалаштирилган. Бундан ташқари, СамДТУ шифокорлари, ординатор ва талабалари учун соғлиқни сақлаш вазифалари бўйича симпозиум ўтказиш кўзда тутилган. Шунингдек, кератоконус диагностикаси ва даволаш бўйича очиқ клиник тренинг бўлиб ўтади. Даун синдромли болаларнинг ота-оналари ва ўқитувчилари учун маҳорат дарслари ташкил этилади.

***
Тошкентда «Марказий Осиёда қалбакилаштирилган тиббий маҳсулотлар ва улар билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш» мавзусида минтақавий семинар бўлиб ўтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва АҚШ Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур семинарда қатъий назоратдаги дори воситаларини хавфсиз ишлатишни таъминлаш, келгусидаги минтақавий истиқболли режалар муҳокама қилинди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА