Тиббий хизмат нархи асоссиз қиммат бўлиши керак эмас!
Иссиқ жон иситмасиз бўлмайди, деганларидек баъзида ўзимиз, баъзан эса оила аъзоларимиз саломатлиги сабаб шифохоналарга мурожаат қилиб турамиз.
Бизга тиббий хизмат учун муайян миқдорда тўлов қилишимиз кераклиги айтилади. Ҳеч иккиланиб ўтирмай белгиланган маблағни шусусий шифохона ҳисобрақамига тўлаймиз. Аммо ҳисобланган нарх қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаса ёки хизмат учун белгиланган тарифдан ортиқча ҳақ ундирилган бўлса-чи?
Айнан шундай ҳолатларнинг олдини олиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва пуллик тиббий хизматлар нархларининг тўғри шакллантирилишини таъминлаш мақсадида Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасидаги 7 та тиббиёт муассасасида 2023–2026 йиллардаги пуллик тиббий хизматлар нархлари таҳлил қилинди. Айрим муассасаларда фойда солиғи хизматлар таннархига асоссиз киритилгани ва хизматлар нархи белгиланган тарифлардан оширилгани аниқланди. Натижада истеъмолчилардан 331,7 миллион сўм асоссиз даромад олинган. 6 та муассасага нисбатан иш қўзғатилиб, маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича кўрсатмалар берилди. Кўрилган чоралар натижасида айрим тиббий хизматлар тарифлари ўртача 16,22 фоизга пасайтирилди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиалида ўтказилган ўрганишда қонунчилик талаблари бузилгани ва истеъмолчиларга 302,2 миллион сўм ортиқча маблағ ҳисоблангани аниқланди. Филиалга қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА