“Тез ёрдам” машиналари топширилди
Иссиқ жоннинг иситмаси бор. Шундай пайтда тез ёрдам хизматининг вақтида етиб келиши ва биринчи ёрдамни кўрсатиши муҳим аҳамият касб этади.
Қашқадарё вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, куни кеча Қашқадарё вилоятидаги ҳудудий тез тиббий ёрдам хизматларига “Volkswagen Caddy” тез ёрдам автомобилларининг 20 донадан иборат навбатдаги партияси топширилди.

Махсус машиналарни ўз эгаларига топшириш учун ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов, вилоят соғлиқни сақлаш тизими масъуллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Кўплаб қулайликларга эга бўлган бундай замонавий тез тиббий ёрдам машиналари тизимда ишлаётган ходимлар ишини янада осонлаштириб, уларнинг чақириқларига тезкор етиб бориши ва беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиши билан аҳамиятлидир.



-- Президентимизнинг 2022 йил 16 июндаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Тез тиббий ёрдам тизимида мавжуд автотранспорт воситалари паркини босқичма-босқич янгилаш режаси”га мувофиқ, 2022–2025 йилларда республика бўйича 2 минг 240 та, Қашқадарё вилоятида эса 225 та тез тиббий ёрдам автомобилини янгилаш кўзда тутилган эди, -- дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Қашқадарё вилояти ҳудудий филиали раҳбари Акмал Алиев. -- Шунга кўра, айни вақтга қадар вилоятда замонавий тез тиббий ёрдам машиналари сони 135 тага етди. Уларнинг 91 таси “Volkswagen Caddy” тез ёрдам автомобиллари ҳисобланади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари