Тест синовларининг 9 куни ортда қолди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда давом этаётган 2026/2027 ўқув йили учун олий ва касбий таълим муассасаларига кириш тест синовларининг 9 куни ортда қолди.
Жорий йилда Бухоро вилояти бўйича 30 минг 269 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этиш истагини билдириб, рўйхатдан ўтган. Тест синовлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Бухоро вилояти бўлими биносида ҳамда Бухоро шаҳридаги “Семурғ” спорт мажмуасида ўтказилмоқда. Ушбу жараёнга Билим ва макаларни баҳолаш агентлиги ходимлари ва 118 нафар гуруҳ назоратчиси жалб этилган.
Вилоят миқёсида бир сменада 1 минг 530 нафар, бир кунда эса 3 минг 60 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этиш имкониятига эга.
[gallery-30519]
Тест синовлари ўтказилаётган бинолар низом талаблари асосида шахсни идентификация қилиш камералари, 360 даражали видеокамералар ҳамда стационар кузатув камералари билан тўлиқ жиҳозланган. Шу боис абитуриентларнинг ота-оналари, яқинлари ва кенг жамоатчилик вакиллари тест синовлари жараёнларини уйдан чиқмаган ҳолда test2026.uz сайти орқали онлайн тарзда тўғридан-тўғри кузатиши мумкин. Бундан ташқари, абитуриентлар билан бирга келган ота-оналар ва уларнинг ҳамроҳлари учун тест синовлари ўтказилаётган ҳудудларга яқин жойларда махсус кутиш майдонлари ташкил этилган. Ушбу ҳудудларда ўрнатилган катта ҳажмдаги мониторлар орқали тест жараёнларини реал вақт режимида кузатиш имконияти мавжуд.
Тест синовларини хавфсиз, тартибли ва шаффоф ўтказишни таъминлаш мақсадида Бухоро вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳи, Ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш тизими ходимлари туну кун хизмат олиб бормоқда.
Тест синовларини адолатли ва шаффоф ташкил этиш, барча абитуриентлар учун тенг шароит яратиш ҳамда жараёнларнинг очиқлигини таъминлаш ушбу масъулиятли тадбирнинг устувор мақсади ҳисобланади.
Ўтган 9 кун мобайнида 28 минг 329 нафар абитуриент жараёнда иштирок этди 1 нафар абитуриент белгиланган тартиб-қоидани бузгани учун имтиҳондан четлатилди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА