Термизда Қорабайир отлари маҳорат мактаби иш бошлади
Термиз туманидаги Отчопар майдонида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси Қорабайир отлари маҳорат мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлиги вакиллари, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари, чавондозлар иштирок этди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Миллий гвардияси марказий девони бошқарма бошлиғи, подполковник З. Абдуллаев сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий қадриятларимиз ва халқимиз асрлар давомида эъзозлаб келган миллий спорт турларини тиклашга қаратилаётган юксак эътиборнинг аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритди. Мамлакатимизда ягона бўлган мазкур Қорабайир отлари маҳорат мактаби ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши таъкидланди.

Президентимизнинг жорий йил 5 августдаги “Сурхондарё вилоятида қорабайир зотли отларни етиштириш ва оммалаштириш ҳамда от спорти турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган мактабда ёш авлодга от спорти сирларини чуқур ўргатиш ва уни оммалаштириш шунингдек, қорабайир зотли отларни кўпайтириш ҳам мўлжалланмоқда.

Бунинг учун Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси вилоят ҳудудий бўлинмасининг Термиз тумани Янгиобод маҳалласидаги 40 гектарга яқин ер майдони, отхона ва омборхона бинолари, Термиз тумани ҳокимлиги тасарруфидаги меҳмонхона, маъмурий ва хўжалик бинолари Қорабайир отлари маҳорат мактабига ўтказилди. Озуқа базасини яратиш учун Термиз туманининг Сабзипоя маҳалласи ҳудудидан 100 гектарга яқин ер майдони ажратилди.

¬–Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори билан вилоятимиз республикада Қорабайир зотли отлар наслчилиги ва спортини ривожлантириш бўйича етакчи ҳудуд сифатида белгиланди, – ¬дейди Қорабайир отлари маҳорат мактаби директори, подполковник М.Жумаев.¬ –Ҳар йили “Наврўз” умумхалқ байрами арафасида вилоятда Қорабайир зотли отлар иштирокида халқаро чавондозлар мусобақасини ўтказиш белгиланган. Бу ёш авлод чавандозларини тарбиялаш ва миллий от спорти мусобақаларини ривожлантиришда катта масъулият юклайди. Шу боис маҳорат мактабига энг тажрибали инструктор-методистлар, тренер-ўқитувчилар танлаб олинди. Ветеринария хизмати, уста-чавандоз, от парваришловчи ва тақачи ходимлар сараланди. Эндиликда барча туманларда Қорабайир зотли отлардан фойдаланишга ихтисослашган секция ва от спорти клублари ташкил этилади. Юқори малакали тренерни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириб бориш йўлга қўйилади.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва Мудофаа вазирлигининг Жанубий оператив қўмондонлиги ҳарбий хизматчиларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси сафида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва маҳаллий чавондозлар иштирокида "Отлар пойгаси", "От устида кураш" ҳамда "Улоқ-кўпкари" мусобақалари ўтказилди. Ғолибларга Сурхондарё вилояти ҳокимининг совғалари топширилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,ЎзА