“Темур тузуклари” илк бор беларусь тилида нашр этилди
Мамлакатимизда миллий тарих ва бой маънавий меросни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, унинг илмий ва амалий аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Низомий номидаги Ўзбекистон миллий университети ҳамда Максим Танк номидаги Беларусь давлат педагогика университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Инновацион педагогика қўшма таълим олий мактаби ташаббуси билан “Темур тузуклари” асари беларусь тилига таржима қилиниб, “Улажэнне Цямура” номи остида нашр этилди.
Қайд этилишича, жанр жиҳатидан ҳужжатли, тарихий, бадиий ва автобиографик хусусиятларга эга бўлган мазкур асар илк бор беларусь тилига ўгирилди. “Амир Темур ойлиги” доирасида чоп этилган ушбу нашр беларуслик китобхонлар учун Соҳибқирон давридаги давлатчилик тарихи ва бошқарув тизимини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Инновацион педагогика қўшма таълим олий мактаби декани, профессор Омилхон Исмоиловнинг таъкидлашича, Беларусь Республикасига амалга оширилган сафар давомида хорижлик талабаларнинг буюк аждодларимиз ва уларнинг жаҳон тарихидаги ўрнига бўлган қизиқиши юқори экани кузатилган. Жумладан, Максим Танк номидаги Беларусь давлат педагогика университетида ўтказилган дарс машғулотларининг бири Амир Темур ва темурийлар давлати тарихига бағишлангани, шунингдек, талабаларнинг “Темур тузуклари”га бўлган қизиқиши мазкур асарни беларусь тилига таржима қилиш ғоясининг юзага келишига туртки бўлган.

Икки йил давом этган изланишлар натижасида асар беларусь тилига таржима қилиниб, нашр этилди. Мазкур ташаббус икки халқ ўртасидаги маънавий яқинликни мустаҳкамлаш, миллий тарих ва маданий меросимизни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

Шунингдек, “Темур тузуклари” асарини араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида нашр этиш ҳамда 2030 йилгача мўлжалланган “Йўл харитаси” доирасида ноёб қўлёзмаларни рақамлаштириш ишлари ҳам режалаштирилган.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА