Теҳроннинг яширин кучи: АҚШни хавотирга солаётган стратегия
Яқин Шарқдаги ҳар бир ракета зарбаси, ҳар бир санкция ёки дипломатик баёнот ортида бир ҳақиқат ётибди: минтақанинг келажаги кўп жиҳатдан Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабат қандай шаклланишига боғлиқ. Бугунги кунда бу рақобат икки давлат ўртасидаги оддий сиёсий келишмовчилик эмас, балки глобал хавфсизлик тизими, энергия бозори ва халқаро куч мувозанатига таъсир кўрсатаётган геосиёсий тўқнашувга айланди.
Эроннинг минтақадаги ўрни жойлашуви ва нефть-газ захирасига бевосита боғлиқ. Форс кўрфази соҳилида жойлашган ушбу мамлакат халқаро савдо йўли ва энергия ташиш тармоғида муҳим бўғинни назорат қилади. Бинобарин, Теҳроннинг аҳамияти фақат иқтисодий омил билан чекланмайди. Мамлакат диний-сиёсий таъсир доираси, ҳарбий имконияти ва кўп йиллик ташқи сиёсий стратегияси орқали ҳам қудратли давлатга айланган.
Давлат бошқаруви услуби ҳам бошқа мамлакатлардан фарқ қиладиган Ислом Республикасида диний тизим ва республика унсури уйғунлашган: энг муҳим сиёсий ва ҳарбий қарорлар Олий раҳбар орқали қабул қилинади, Президент ва парламент эса муайян ваколатга эга бўлса-да, стратегик масалада ҳал қилувчи куч ҳисобланмайди. Бундай тизим ташқи босим шароитида ички барқарорликни сақлашга хизмат қилса-да, иқтисодий муаммо давлат олдидаги асосий синов бўлиб турибди.
Сўнгги йилларда АҚШ санкцияси Эрон иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатди. Миллий валюта қадрсизланди, инфляция юқори даражага чиқди, ишсизлик кучайди. Қизиқ жиҳати шундаки, ташқи босим кучайган сари Теҳрон ташқи сиёсатда янада фаол ҳаракат қилишга интилмоқда. Бошқача айтганда Эрон раҳбарияти хавфсизликни мамлакат чегарасида эмас, балки минтақанинг турли нуқталарида таъминлашга ҳаракат қиляпти.
Айни ёндашув мамлакат ташқи сиёсати асосий концепцияси – “Қаршилик ўқи” стратегиясида яққол намоён. Ушбу тизим Сурия, Ливандаги Ҳизбуллоҳ, Ироқдаги шиа қуролли гуруҳлари ҳамда Ямандаги хусийлар каби кучларни қамраб олган. Теҳрон фикрича, эҳтимолий таҳдид мамлакат ҳудудига етиб келмасдан олдин тўхтатилиши керак. Бу стратегия бир вақтнинг ўзида ҳам мудофаа, ҳам таъсир доирасини кенгайтириш воситаси сифатида хизмат қилмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети “Халқаро муносабатлар” кафедраси таянч докторанти Фотима Назарова Эрон миллий хавфсизлигини фақат ўз ҳудудида эмас, балки минтақадаги иттифоқчилари орқали ҳимоя қилаётганига эътибор қаратган. Бу фикр Теҳрон ташқи сиёсати моҳиятини қисқа, аммо аниқ ифодалайди. Шу нуқтаи назардан Сурия ва Ироқ Эрон учун оддий қўшни давлат эмас, балки Ливанга чиқишни таъминловчи стратегик йўлак вазифасини бажаради. Айниқса, Ҳизбуллоҳ билан алоқани сақлаб туришда шу ҳудуд ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Яъни, АҚШнинг мазкур мамлакатлардаги ҳарбий иштирокини Эрон бевосита таҳдид сифатида қабул қилади.
Вашингтон эса вазиятга мутлақо бошқача қарайди. 1979 йилги Ислом инқилобидан кейин икки давлат ўртасида дипломатик муносабат узилган ва шундан буён АҚШ сиёсатининг асосий йўналиши Эрон таъсирини чеклаш бўлиб келяпти. Айни сиёсат асосида бир неча мақсад яширин: Теҳрон ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик, Исроил хавфсизлигини таъминлаш, Форс кўрфазидаги стратегик денгиз йўлини назорат қилиш ва Эронга яқин қуролли гуруҳлар фаолиятини чеклаш.
Аслида Вашингтон ва Теҳрон баҳси замирида айнан хавфсизлик масаласи ётади. Бир томон ўзини ҳимоя қилиш учун ўз таъсир доирасини кенгайтириш зарур, деб ҳисобласа, иккинчи томон бу ҳаракатни минтақавий барқарорликка таҳдид дея баҳолайди. Натижада икки давлат ўртасидаги рақобат бутун Яқин Шарққа таъсир кўрсатувчи омилга айланган.
Нега Эрон ва АҚШ муросага кела олмаяпти?
Эрон ва АҚШ муносабатидаги энг оғриқли нуқта – ядровий дастур масаласи. Ҳолатни Вашингтон хавфсизликка таҳдид сифатида кўради, Теҳрон эса давлат мустақиллиги ва ташқи босимга қарши кафолат, деб баҳолайди. Хуллас, қарама-қаршилик марказида айнан уранни бойитиш дастури.
2015 йил имзоланган JCPOA – Ядровий дастур бўйича қўшма кенг қамровли ҳаракат режаси кўпчилик томонидан ўнлаб йил давом этган инқирозни юмшатишга қаратилган тарихий келишув сифатида баҳоланган эди. Ҳужжатга кўра, Эрон ядровий фаолиятини чеклаши эвазига халқаро санкция юмшатилади. 2018 йил АҚШ келишувдан чиқиши вазиятни яна кескинлаштирди. Теҳрон яна уранни бойитиш даражасини оширишга киришди ва ўзаро ишонч заифлашди.
– Теҳрон уранни бойитиш даражасини оширгач, “босимга қарши босим” усули шаклланди, – таъкидлайди Назарова. – Энди ҳар икки томон рақибини ён беришга мажбурлаш учун турли босим воситаларидан фойдаланмоқда.
Умуман, Эрон ядровий дастурини фақат қурол яратиш нуқтаи назаридан баҳолаш манзарани тўлиқ ифодаламайди. Теҳрон ядровий салоҳият ташқи ҳарбий аралашув эҳтимолини камайтирувчи стратегик омил эканини таъкидлайди. Буни айрим таҳлилчилар Шимолий Корея тажрибаси билан қиёслайди. Яъни, давлат рақибини ҳарбий куч эмас, эҳтимолий оқибат билан тийиб туришга интилади.
Рақобат фақат ядровий технология билан чекланмайди. Сўнгги йилларда курдлар омили ҳам геосиёсий курашнинг муҳим жиҳатига айланди. АҚШ Ироқ ва Сурия шимолидаги курд кучлари билан ҳамкорлик қилиб келади. Расмий Вашингтон ўз ёндашувини терроризмга қарши кураш зарурати билан изоҳлайди. Теҳрон эса бундай ҳамкорлик Эроннинг минтақавий таъсирини чеклашга қаратилган стратегия, деб ўйлайди.
Ислом Республикаси учун ҳаётий аҳамиятга эга геостратегик йўлак ҳисобланадиган Ироқ – Сурия – Ливан йўналиши орқали Теҳрон ўз иттифоқчилари билан алоқани ушлаб туради. Ушбу ҳудудлардаги ҳар қандай ўзгариш Эрон ташқи сиёсатига бевосита таъсир кўрсатади. Курдлар билан ҳамкорлик эса АҚШга шу йўлакни назорат қилиш имконини беради.
Бугунги кунда томонлар ўртасида шаклланган муносабатни шартли равишда “босим орқали музокара” дея аташ мумкин. Эрон ядровий фаолиятини кенгайтириш орқали ўз позициясини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. АҚШ эса иқтисодий санкцияни сақлаб қолиш ва минтақавий босимни кучайтириш орқали Теҳронни музокара даврасига қайтаришни кўзламоқда.
Хўш, вазият қайси томонга бурилади?
Таҳлилчилар уч асосий тахминни илгари сурмоқда. Биринчи йўл – ҳолатни дипломатия йўли билан юмшатиш. Бунда ядровий келишув янгиланиши ва санкция қисман бекор қилиниши эҳтимоли мавжуд. Иккинчи режа – ҳарбий кескинлашув. Исроил ёки АҚШ томонидан Эрон ядровий объектларига зарба берилиши бутун минтақани янги инқироз гирдобига тортиши мумкин. Учинчи ва эҳтимоли юқори фараз эса билвосита тўқнашув давом этади. Яъни, рақобат иттифоқчилар орқали давом эттирилади.
Ҳозирча айнан шу тахмин ишончли кўринмоқда, чунки Вашингтон ҳам, Теҳрон ҳам очиқ ҳарбий тўқнашув оқибати жуда оғир келишини яхши англайди. Қолаверса, икки давлатнинг стратегик мақсади ҳануз бир-бирига зид.
Демак, Эрон – АҚШ қарама-қаршилиги нафақат икки давлат тақдирига, балки Яқин Шарқдаги кучлар мувозанати, халқаро хавфсизлик тизими ва жаҳон энергетика бозорига таъсир қилувчи асосий геосиёсий масала бўлиб қолавериши эҳтимоли йўқ эмас.
Мусулмон Зиё, ЎзА