ТДЮУ дунёнинг ТОП-500 талик университетлари қаторига кирди
Тошкент давлат юридик университетида Буюк Британиянинг нуфузли Times Higher Education (THE) халқаро рейтинг ташкилоти томонидан эълон қилинган “THE Sustainability Impact Rankings 2026” натижаларига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Адлия вазирлиги вакиллари, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мазкур рейтинг натижалари мамлакатимизда олий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, таълим сифати ва илмий салоҳиятни ошириш, барқарор тараққиёт мақсадларини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Қайд этилишича, “THE Sustainability Impact Rankings 2026” лойиҳаси натижаларига кўра, Тошкент давлат юридик университети жаҳоннинг 1603 та олий таълим муассасаси орасида 401-ўринни эгаллаб, дунёнинг ТОП-500 талик университетлари қаторига кирди. Бу эса университетнинг халқаро рейтинглардаги энг юқори натижаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Тадбирда университетнинг барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги алоҳида кўрсаткичлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, SDG 4 – “Сифатли таълим” йўналиши бўйича университет 101–200-ўринни эгаллаб, ўтган йилги натижага нисбатан қарийб 200 поғона юқорилади ва мазкур йўналишда жаҳоннинг энг яхши 200 та олий таълим муассасаси сафидан ўрин олди.
Шунингдек, SDG 5 – “Гендер тенглиги” ҳамда SDG 8 – “Муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш” йўналишлари бўйича 101–200-ўрин, SDG 16 – “Тинчлик, адолат ва самарали бошқарув” йўналиши бўйича эса 201–300-ўрин қайд этилгани маълум қилинди.
Таъкидланганидек, эришилган натижалар университетда таълим сифатини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш, ўқув дастурларини замонавий ёндашувлар асосида янгилаш, амалиётга йўналтирилган таълим тизимини ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб этиш ҳамда илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар самарасидир.
Иштирокчилар мамлакатнинг базавий юридик олий таълим муассасаси сифатида университетнинг SDG 16 – “Тинчлик, адолат ва самарали бошқарув” йўналишида юқори натижага эришганини алоҳида эътироф этди. Мазкур кўрсаткич ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, демократик институтларни ривожлантириш, аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришга қаратилган ишлар халқаро миқёсда муносиб баҳоланаётганини англатади.
[gallery-30221]
Тадбирда сўз олганлар университет жамоасини эришган муваффақияти билан табриклаб, бундай натижалар мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг жаҳон таълим маконидаги рақобатбардошлигини ошириш, миллий таълим брендини халқаро миқёсда мустаҳкамлаш ҳамда ёшларнинг илм-фан ва инновациялар соҳасида янги марраларни забт этишига хизмат қилишини таъкидлади.
Тошкент давлат юридик университети дунёнинг ТОП-500 талик университетлари қаторига кириши муассаса жамоасининг изчил меҳнати, таълим ва илм-фан соҳасида амалга оширилаётган тизимли ўзгаришларнинг халқаро эътирофидир. Бу эса келгусида миллий олий таълимнинг жаҳон таълим маконидаги нуфузини янада мустаҳкамлаш, рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш ва янги ютуқларни қўлга киритиш учун мустаҳкам замин яратади.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА