Тахмина Икромова жаҳон чемпионати финалида
Франкфурт шаҳрида бадиий гимнастика бўйича жаҳон чемпионатининг саралаш босқичи иккинчи куни якунланди.
Германиянинг Франкфурт шаҳрида ўтаётган бадиий гимнастика бўйича жаҳон чемпионатида 74 давлатдан 354 нафар спортчи иштирок этмоқда. Мусобақада яккалик ва гуруҳ дастурларида жаҳоннинг энг кучли гимнастикачилари ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.
Мусобақанинг навбатдаги куни ҳамюртимиз Тахмина Икромова икки дастурда иштирок этди. Спортчимиз булавалар билан машқ бажариш дастурида 26,750 балл, тасма билан чиқишда эса 26,200 балл жамғарди. Ушбу натижалар Тахмина Икромовага яккалик дастурларида финал босқичида иштирок этиш имконини берди.
Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг биринчи куни Тахмина Икромова ҳалқа билан машқ бажаришда 28,950 балл, тўп билан чиқишда эса 26,050 балл жамғарган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА