Тахиатош: ислоҳотлар аҳоли манфаатига хизмат қилади
Сўнгги йилларда Оролбўйининг барча ҳудудлари сингари Тахиатош туманида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 3 сентябрь куни ўтказилган йиғилиш топшириқларига мувофиқ, туманда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича янги тизим жорий этилиб, ҳар бир фуқаро кесимида манзилли ўрганишлар йўлга қўйилди. Ушбу йўналишдаги ишлар, аввало, ҳар бир фуқаронинг аҳволини якка тартибда ўрганишдан бошланди.

Дастлаб, “Ижтимоий реестр”дан жой олган 1 минг 749 та эҳтиёжманд оилага мансуб 6 минг 958 нафар фуқаронинг таркиби атрофлича таҳлил қилинди. Шунда асосий эътибор меҳнат қилиш ва мустақил даромад топиш имкониятига эга бўлган аҳолига қаратилди.
Шу боис реестрда қайд этилган 726 нафар меҳнатга лаёқатли фуқаро ҳамда бандлик органлари ва Маҳаллалар уюшмаси тизимида рўйхатга олинган 1 минг 746 нафар ишсиз — жами 2 минг 472 нафар фуқародан иборат ягона рўйхат шакллантирилди. Ҳар бир фуқаронинг эҳтиёж ва истагини аниқлаш мақсадида улар “Дашборд” рақамли бошқарув тизими ёрдамида онлайн хатловдан ўтказилди.

Маҳалла “еттилиги” аъзолари билан ҳамкорликда ҳар бир фуқаро билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, уларнинг ишга жойлашиш, касб-ҳунар эгаллаш, кредит, субсидия ва ссуда олиш, шунингдек, ижарага ер майдони олишга бўлган эҳтиёж ва имкониятлари бирма-бир аниқланди ҳамда ҳар бир фуқаро бўйича манзилли ечимлар белгиланди.
Жумладан 1 минг 41 нафар фуқарони легал бандликка жалб қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш орқали барқарор даромад манбаига олиб чиқиш, 618 нафар фуқарони доимий иш ўринларига жойлаштириш, 594 нафар фуқаронинг тадбиркорлик ташаббуслари учун 12,5 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратиш, 112 нафар фуқарони касб-ҳунарга ўқитиш орқали юқори даромадли меҳнатга жалб қилиш ёки тартибли меҳнат миграциясига йўналтириш, 102 нафар фуқарога фоизсиз ссуда, субсидия ва бошқа молиявий кўмаклар бериш, шунингдек, уларни ер майдонлари билан таъминлаш чоралари белгилаб олинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра 2026 йилда 10 минг 77 нафар фуқаро бандлигини таъминлаш режалаштирилган бўлиб, жорий йил 8 ой ижро ҳолатига 1 минг 373 нафари доимий иш билан, 5 минг 590 нафари даромадли хизматлар билан, норасмий бандликни легаллаштириш юзасидан 1 минг 776 нафар, ўзини-ўзи банд қилиш юзасидан 2 минг 814 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Шу давр мобайнида 172 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Шунингдек, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчиларга 11,1 миллиард сўм кредит ажратилди. 203 та микролойиҳа доирасида 538 та иш ўрни яратилиб, 213 нафар киши касбга қайта тайёрланди.

Жорий йилда туман иқтисодиётига 220,4 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб этиш белгиланган. Йил бошидан июнь ойига қадар 124,5 миллион долларлик режа белгиланган бўлиб, амалда 121,2 миллион доллар ўзлаштирилди.
Мазкур инвестициялар доирасида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Linkwise” масъулияти чекланган жамияти томонидан модулли интеллектуал ҳисоблаш маълумотлар марказини ташкил этиш, “Jinshixiang Ali Jewelry” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси томонидан олтин ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, “Imronbek Avtotex Invest” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси ҳамда “Gold-Sandwich” масъулияти чекланган жамияти томонидан махсус техника хизматларини ташкил этиш лойиҳалари шулар жумласидандир.
Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ 2026 йилда жами 154,8 миллиард сўм миқдорида 16 та лойиҳани амалга ошириш орқали 571 та янги иш ўрнини яратиш режалаштирилган. 2026 йилги экспорт режаси 13,6 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, январь-август ойларидаги 7 миллион АҚШ долларлик режа амалда 9,7 миллион АҚШ долларига бажарилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги “2026-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида туманда 4 та объектда қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари асосида 7 та объектда қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 24 февралдаги “Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида 85 хонадонга мўлжалланган 2 та кўп қаватли уй қурилмоқда. Бундан ташқари, Президентнинг 2026 йил 5 февралдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 17 та кўп қаватли уй атрофини ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокидаги “Сув таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш ҳамда институционал салоҳиятни ошириш” дастури доирасида 58 километр оқова сув тармоғи тортилиб, насос станцияларини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 октябрдаги “Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари ҳамда ички хўжалик йўллари инфратузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида 23,7 километр йўлга шағал-полимер-смола (ЩПС) ҳамда 0,87 километр йўлга асфальт ётқизиш ишлари бажарилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Найманкўл овули ва “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини инфратузилмасини яхшилаш ишлари олиб борилмоқда.
Туманда электр таъминотини яхшилаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган 8 ойида 95 та трансформатор таъмирланиб, 153 та эски электр устуни темир-бетон устунларга алмаштирилди.
Қушчилик ва Янги макон маҳаллаларида 333 та устун, 15,5 километр СИП кабель ҳамда 2 та янги трансформатор ўрнатилди.
Дўстлик, Тахиатош ва Марказий маҳаллаларида 7 километр газ қувурини мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида 2021-2025 йилларда 57 та лойиҳага 52,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Жорий йилнинг биринчи босқичида эса 7 та лойиҳа учун 7,5 миллиард сўм ажратилиб, ушбу маблағлар ҳисобидан йўлларни асфальтлаш ва кўчаларни ёритиш ишлари амалга оширилмоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига навбатдаги ташрифи давомида бир қатор янги лойиҳаларга старт берилди. Туманимизга Саноат-қурилиш банки ва Сурхондарё вилояти бириктирилган. Илғор тажрибаларни жорий этиш мақсадида Сурхондарё вилоятининг ҳар бир тумани маҳаллаларимизга бириктирилиб, тегишли йўналишларда амалий ишлар олиб борилмоқда. Масалан, Кенегес маҳалласида анор етиштириш, Жайхун маҳалласида эса Денов тумани тажрибаси асосида саноат зонасини барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу каби лойиҳалар аҳоли турмуш даражасини ошириш, бандлигини таъминлаш ҳамда ҳудудни камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришга хизмат қилади, – дейди Тахиатош тумани ҳокими Исламбек Сдиков.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири