Тарихни рангларда англаган рассом
Темурийлар тарихи давлат музейида Ўзбекистон халқ рассоми Тўра Курязовнинг “Тарих саҳифалари” деб номланган кўргазмаси очилди.
Темурийлар тарихи давлат музейида Ўзбекистон халқ рассоми Тўра Курязовнинг “Тарих саҳифалари” деб номланган кўргазмаси очилди.
Тўра Курязов номи Ўзбекистон санъати тарихи саҳифаларида ўзининг муносиб ўрнига эга. У 1950-1960 йиллар рангтасвир мактаби анъаналарини ривожлантирган ўзбек рангтасвири усталари авлодига мансуб бўлиб, унинг тасвирий санъат ривожига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Тарихий-эпик жанр мусаввир ижодининг ажралмас қисми бўлди. Бундай эҳтирос унинг Қорақалпоғистон ва Хоразм воҳаси тарихи ва археологияга бўлган қизиқиши натижасида вужудга келган. Бу кўҳна замин анъаналари, удум ва афсоналари рассомни асар яратишида илхомлантиради.
Кўргазмада ижодкорнинг эллик йиллик ижод самарасидан иборат 50 дан ортиқ турли бадиий йўналиш ва жанрларда яратилган асарлари намойиш этилган. Уларнинг орасида буюк сиймолардан Зарадуштра, Жалолиддин Мангуберди, ал-Хоразмий, Тўмарис, Нодирабегимдан тортиб то замондошлар портретларигача кўрашимиз мумкин. Суратларда тарихий-эпик жанр, мифологик мавзу, шунингдек, реалистик портрет, натюрморт, манзаралар кенг тақдим этилган.
Маълумотларга кўра, рассом жуда кўп саёҳатда бўлган. Ҳар бир сафардан сўнг тематик туркум асарлар яратган. Хинд афсоналари билан боғлиқ композициялар, хинд жамияти вакиллари портретлари ҳамда меъморий манзараларни ўз ичига олган туркум асарлар бунинг яққол мисолидир. Янги яратилган асарлар орасида қадим Хоразм диёрига бағишланган аллегорик композиция “Хоразм рақси” триптихи алоҳида эътиборга молик.
Рассом тарихий-эпик асарлар билан бир қаторда, оддий ҳаётда содир бўлаётган воқеаларни ҳам акс эттиришга ҳаракат қилган. Жумладан, унинг Қорақум манзараларига бағишланган туркум асарлари ўзига хослиги билан ажралиб туради. Мусаввирнинг сермаҳсул ижоди келгусида ҳам мухлисларни хушнуд этиши, шубҳасиз.