Тақдиримизни муаллим ва мураббий ҳал қилади
Муносабат
Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида Президент ва халқ мулоқотининг янги бир шакли ўлароқ юзага келган Мурожаатнома ўзбек сиёсий дискурсида эл ва улус ўртасидаги коммуникациянинг энг самарали воситаси эканлигини кўрсатмоқда.
Айниқса, юртбошимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига бугунги Мурожаатномаси ҳар йилгидан кенг қамровлилиги ва кўп қиррали қиёфаси билан ажралиб туради.
Бугунги Мурожаатноманинг муҳим, алоҳида ажралиб турадиган бош нуқтаси “сифатли таълим” масаласидир.
Юз йилликнинг ҳозирги таҳликали ва ўта мураккаб палласида миллатни қутқарувчи, унинг қадди-қоматини тик тутувчи ва давлатнинг дунёдаги мавқеини юксалтирувчи ягона куч таълим эканлигини Президент қайта-қайта таъкидлади. Энг асосийси, “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир!” дея алоҳида урғулади.
Бу йилги Мурожаатномада таълим соҳаси вакилларига айрича масъулият ва ишонч юкланди. Президентимиз “Тақдиримизни муаллим ва мураббий ҳал қилади” дея таъкидлади. Бу мамлакатнинг бугуни ва келажаги ўқитувчининг қўлида эканлигининг эътирофидир. Бу муаллимларни ниҳоятда сергакликка, ўз устида ҳар қачонгидан кўпроқ ишлашга даъват ўлароқ қабул қилиниши керак.
Айни кезда таълим сифати, ўқитувчининг нуфузи ўрнига тушаётган муҳим бир бурилиш палласига етиб келдик. Шу ўринда биз – ўқитувчилар бугуннинг ёшлари ҳаётига асқотмайдиган, уларнинг энсасини қотирадиган, алмисоқдан қолган билимларни бераверсак, бугунги тарихий имкониятни қўлдан бой берамиз.
Ёшлар ўтаётган дарсларимиз замон билан боғланмаганлигини доим аниқ билиб турди. Сизу биз – ўзимиз билмаган ҳолда катта зиёлимиз. Ортимиздан мамлакат эгаси бўладиган ёшлар, ўғил-қизларимиз эргашмоқда. Агар ҳозирги тарзда давом этадиган бўлсак, мамлакат тақдири ўзимизга ўхшаб тарбияланган, чала билим олган, тор фикрлайдиган мутахассислар қўлида қолиб кетиши мумкинлигини ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак.
Шу жиҳатдан бугуннинг ўқитувчиси янгича фикрлайдиган, ёшлар ҳаётидан узилмаган, ўз соҳасининг келажак тараққиётини теран таҳлил эта оладиган, асосийси, ёшларнинг кўнглига кира оладиган ҳақиқий “муаллим” сўзининг луғавий маъносига жавоб берадиган зиёли бўлиш керак. Бугунги Мурожаатномадан давлат раҳбари таълим соҳаси вакилларидан кутаётган ва талаб қилаётан энг асосий нуқта ана шудир.
Қудратулла ОМОНОВ,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
биринчи проректори,
филология фанлари доктори, профессор.
ЎзА