Танзила Норбоева: Марказий Осиёда юз бераётган ўзгаришлар давлатларимиз раҳбарларининг тарихий хизмати
Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг IV парламентлараро форуми бўлиб ўтди. «Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва фаровонлик йўлида бирдамлик» мавзусига бағишланган анжуманда минтақа давлатлари парламентлари раҳбарлари ва делегациялари қатнашди.
Тожикистон Республикаси Мажлиси милли Мажлиси Оли раиси, Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомали раислигида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Қозоғистон Республикаси Қурултойи раиси Айбек Дадебай, Туркманистон Мажлиси раиси Дунёгўзал Гулманова ҳамда Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши раисининг биринчи ўринбосари Медербек Алиев иштирок этди.
Р.Эмомали мазкур форумнинг мунтазам ўтказилиши минтақадаги парламентлараро мулоқотнинг барқарор, тизимли ва стратегик хусусиятга эга эканидан далолат беришини қайд этди. Миллий манфаатларни мувофиқлаштириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда замонавий геосиёсий воқеликларни ҳисобга олган ҳолда минтақа мамлакатларининг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш ушбу жараённинг асосини ташкил этади.
Форум давомида Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари раҳбарлари сўзга чиқиб, ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва форум юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ўз нутқида минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратди.

– Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Марказий Осиё ишонч ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик маконига айланди, - деди Т.Норбоева. – Ҳар бир мамлакат умумий кун тартибини ташаббуслар ва амалий ишлар билан бойитиб, бу жараёнга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Юз бераётган ўзгаришлар давлатларимиз раҳбарларининг тарихий хизматидир. Уларнинг сиёсий иродаси, стратегик ёндашуви ва ўзаро мақбул ечимларни топишга тайёрлиги тўпланиб қолган зиддиятларни бартараф этиш ҳамда Марказий Осиёдаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш имконини берди.
Сенат Раиси Марказий Осиёда ўзаро ишонч мустаҳкамланиб, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик янги босқичга кўтарилган ҳозирги шароитда парламентларнинг вазифаларига доир муҳим ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларнинг ижросини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, уларнинг бажарилишини назорат қилиш ва маҳаллий кенгашлар ҳамкорлигини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Умумий таҳдидларга қарши мувофиқлашган ҳаракатларни амалга ошириш, ёшларни ҳимоя қилиш ва Афғонистоннинг тинч ривожланишига кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланди.
Савдо тўсиқларини камайтириш, қўшма ишлаб чиқариш ва транспорт йўлакларини ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Сувдан оқилона фойдаланиш, «яшил» технологияларни рағбатлантириш, музликларни асраш ва Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш зарурлиги қайд этилди. «Яшил» ўзгаришлар, сувни тежаш ва сув йўқотишларини камайтиришни рағбатлантирувчи ҳуқуқий механизмлар юзасидан қўшма парламент муҳокамасини ўтказиш таклиф этилди.
Хотин-қизлар ва ёшларнинг таълим олиши, иш билан таъминланиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ҳамда қарорлар қабул қилишда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Иштирокчилар Душанбе форуми якунлари парламентлараро шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстона, конструктив ва ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Тадбир якунида кун тартибидаги масалалар бўйича Душанбе декларацияси қабул қилинди.
Норгул Абдураимова, ЎзА