Тамаки чангалидан қандай қутулиш мумкин?
Куни кеча тадбирда иштирок этиш учун “Hilton” меҳмонхонасига бордим. Тадбир тугаб, ишга қайтаётганимда иккинчи қаватда тамаки чекиб турган қизга кўзим тушиб қолди. Қиз уни кузатаётганимни сезиб, ҳатто киприк қоқмади. Биласиз, журналист халқи савол бермасдан туролмайди.
– Синглим, ҳали жуда ёш экансиз. Тамаки чекишга сизни нима мажбур қилди?
– Ўзим, шунчаки, – деди қиз бошқа савол бермасангиз ҳам бўлади, деган оҳангда.
Қизнинг берилиб чекаётганидан бошига бирор ташвиш тушган бўлса керак, ёки севган йигити ташлаб кетган-у севги азобини кўтара олмаган, балки уйида муаммоси бордир, деган фикрда эдим. Афсуски, фикрларим нотўғри бўлиб чиқди.
Тадбирдан чиқиб, йўлак бўйлаб “Халқлар дўстлиги” метро бекатига юрдим. Тошкент шаҳар ҳокимияти ёнига етганимда яна бир чиройли қизнинг йўлак четида тамаки тутатиб турганига кўзим тушди.
Бу сафар ҳам қизиқувчанлигим устун келиб, қизнинг кайфиятини бузишга мажбур бўлдим.
– Ўзбекмисиз, синглим, сўрадим салом-аликдан сўнг.
– Нимайди?
– Одамлар кўз олдида тамаки чекиб турганингизга ажабландим. Бирор муаммо борми?
– Тамаки чекиш учун муаммо бўлиши шартми? Ҳозир кўпчилик қизлар чекади.
– Тамакидан чиқаётган тутун организмингизга зарар қилишини биласизми?
– Э, опа, насиҳат қилмаган сиз қолдингиз. Ҳали ҳеч ким тамакидан ўлмаган!
Саволларимга хотиржам туриб жавоб бераётган бу олифта қиз ҳар йили дунёда тамаки чекишдан 8 миллион одам вафот этишини қаердан ҳам билсин. Европада 13-15 ёшли қизларнинг 11,5 фоизи, ўғил болаларнинг эса 13,8 фоизи тамаки истеъмол қилади. Юртимизда ҳам бу кўрсаткич йилдан-йилга ошса ошиб бораяптики, асло камайгани йўқ. Тиббиёт ходимлари берган маълумотларга кўра мамлакатимизда тамаки чекувчи ёшлар 65 фоизни ташкил қилади.
2019 йилги кўрсаткичларга кўра, катта ёшдагилар орасида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилувчилар 16,5 фоизни ташкил этади. Уларнинг 32,9 фоизи эркаклар, 0,8 фоизи аёллар ҳисобига тўғри келади.
Чекишнинг хотин-қизлар организмига қандай зарари бор?
Тадқиқот натижарига кўра, чекиш эркаклардан кўра кўпроқ аёллар организмига зарар етказар экан. Чекувчи аёлларда юрак-томир хасталикларига чалиниш хавфи эркакларга қараганда 25 фоиз юқорилиги исботланган.
– Чекиш инсон умрини ўртача 8-15 йилга қисқартиради, – дейди олий тоифали шифокор Муҳаббат Курамбаева. – Ўпка саратони касаллиги 90 фоиз ҳолларда чекиш туфайли юзага келади. Чекиш ўпка, трахея ва бронхлар, қизилўнгач, оғиз бўшлиғи, халқум ўсмаси, шунингдек, юрак ишемияси каби оғир хасталикларни келиб чиқишида асосий рол ўйнайди.
Стоматолог Йўлчибек Йўлдошевнинг фикрларига кўра, тамаки тишларнинг сарғайишини ва милкларда тош ҳосил бўлишини келтириб чиқаради. Айниқса, тутунсиз тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш оғиздан ёмон ҳид келишига сабаб бўлади.
Чекиш кўпроқ аёлларнинг ташқи кўринишига салбий таъсир қилар экан. Юзда ажинлар пайдо қилиб, натижада ёшга нисбатан каттароқ кўринишга эга бўлмай десангиз, хозироқ чекишдан воз кечинг. Терига эластиклик берадиган оқсилларнинг парчаланиши, қон айланишининг бузилиши, А витаминининг пасайиши тамаки туфайли пайдо бўлади, бунинг натижасида тери эрта қаришни бошлайди.
Хўш, орамизда чекувчи қизларнинг кўпайишига нима сабаб бўлаяпти?
– Кашандалик, асосан, зерикиш, банд бўлмаслик, ўз ҳаётидан норозиликдан келиб чиқади, – дейди психология фанлари номзоди, доцент Одина Отажонова. – Аввал қизиқишдан бошланган бу ҳолат йиллар ўтиб чуқурлаша боради. Кашанданинг иродаси заифлаша боради. Ирода марказининг тўсилиши эса муаммоларни ҳал қилолмасликка, қарамликка олиб келади. Шу боис, ёшларда, аввало, иродали бўлишни тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини тўғри тақсимлаш, ўзига бўлган ишончини ошириш лозим.
Кейинги пайтларда биз фарзанд тарбиясидаги назоратни кўпроқ мактабга юклаб қўйдик. Аслида мактабнинг вазифаси болага билим бериш. Бола тарбияси оиладан бошланади. Шу боис, айниқса оналар қизлари билан фақат кийим-кечак, бозор-ўчар мавзусида эмас, уларнинг қалбига қулоқ тутиб, дўст сифатида суҳбат қуришлари лозим. Онасига яқин дўст бўлган қиз, ҳеч қачон ўзининг ҳурмати, шаънига хиёнат қилмайди.
Тамаки чангалидан қандай қутулиш мумкин?
– Бунинг учун эрталабки нонуштани тамаки билан эмас, қайноққина чой билан бошлашни маслаҳат берамиз, – дейди О.Отажонова. – Сўнгра ҳар дона тамаки чекиш вақтини 15-20 дақиқага суриб, иложи борича чекишни ўйламаслик, хаёлга берилмаслик керак. Тамаки чекувчи одам реал ҳаётга эмас, хаёлий ҳаётга кўпроқ ишонади. Тушликдан сўнг кўнглингизга яқин инсонингиз билан сайр қилиш ҳам уни унутишга ёрдам беради.
Нигора Раҳмонова, ЎзА