Таълимда сунъий интеллект ва рақамли келажак
Жоржтаун университети билан ҳамкорликда педагоглар учун генератив сунъий интеллект бўйича халқаро семинар бошланди
Тошкент шаҳрида Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ҳамда АҚШнинг Жоржтаун университети ҳамкорлигида “Таълим жараёнида генератив сунъий интеллектдан фойдаланиш ва онлайн курсларни ишлаб чиқиш” мавзусида уч кунлик халқаро ўқув-амалий семинар ўз ишини бошлади.

Тадбирда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази, Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти вакиллари ҳамда ҳудудий педагогик марказлардан танлаб олинган 50 нафарга яқин мутахассис иштирок этмоқда. Машғулотлар Жоржтаун университети профессори Янна Вовидес ва ассистент Альбина Йилдиз томонидан олиб борилмоқда, шунингдек, Google for Education мутахассислари ҳам онлайн тарзда алоҳида амалий сессияларга жалб этилган.
Тадбирнинг очилишида Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази директори Шаҳзодбек Курбаниязов сўзга чиқиб, сунъий интеллектнинг таълимга жадал кириб келаётгани шароитида асосий масала янги технологияларни шунчаки ўрганиш эмас, балки улардан таълим сифати ва педагог фаолияти самарадорлигини оширишда мақсадли фойдаланиш эканини таъкидлади. Мазкур семинар олдига қўйилган асосий вазифа сунъий интеллект ўқитувчининг дарсини янада самарали ташкил этишга қандай ёрдам бериши бўйича амалий ечимлар топишдан иборатдир.

Анжуманда сўз олган Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти Академик фаолият бўйича биринчи проректори Дилдора Ҳакимова рақамли технологиялар ва сунъий интеллект институтнинг малака ошириш ва касбий ривожлантириш дастурларидан мустаҳкам ўрин олганини қайд этди. Эндиликдаги муҳим вазифа ушбу имкониятларни педагогларнинг кундалик амалиётига самарали олиб кириш ҳамда олинган билимларни ҳудудлардаги ҳамкасбларга етказишдан иборатдир.

Ўз навбатида, Жоржтаун университети профессори Янна Вовидес ушбу тадбир фақат билим бериш эмас, балки тажриба алмашиш ва бевосита таълим амалиёти билан шуғулланаётган ўзбекистонлик мутахассислар билан биргаликда муайян муаммоларга амалий ечимлар ишлаб чиқиш жараёни эканини билдирди.

Уч кунга мўлжалланган семинар дастури доирасида иштирокчилар генератив сунъий интеллект воситаларидан дарсларни режалаштириш, топшириқ ва баҳолаш мезонларини (рубрикаларни) ишлаб чиқиш, самарали промптлар тузиш ҳамда онлайн курсларни лойиҳалаш бўйича амалий кўникмаларни эгаллайдилар. Шунингдек, таълимни лойиҳалаш моделлари, микроўқитиш модуллари ва сунъий интеллект саводхонлиги бўйича онлайн курснинг дастлабки тузилмасини яратиш кўзда тутилган.

Шуни айтиш керакки, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ва Жоржтаун университети ўртасидаги ҳамкорликка 2025 йилнинг октябрь ойида асос солинган бўлиб, ушбу лойиҳа Жоржтаун университетининг “Global Engagement Faculty Grants” дастури грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Мазкур халқаро ташаббус хорижий тажрибани миллий таълим тизими эҳтиёжларига мослаштириш ва замонавий ўқув контентларини яратишга хизмат қилади.

ЎзА