Таълим ва тарбия – Янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор омили
1-октябрь – Устоз ва мураббийлар куни
Ҳар йили 1 октябрь куни юртимизда Устоз ва мураббийлар байрами кенг нишонланади. Бу сана оддий байрам эмас. У жамиятнинг билимга, тарбияга ва инсонга бўлган муносабатини кўрсатадиган, халқимиз қадриятларидан келиб чиқадиган маънавий санадир. Зеро, ҳар бир юртнинг бугунги қиёфаси ва эртанги тақдири, аввало, синфхонада, устознинг ҳар кунги фидойи меҳнатида шаклланади.
Устозни улуғлаш – аждодлардан қолган мерос
Халқимиз азалдан устозни ота-онадек ҳурмат қилган. «Устоз отангдек улуғ» деган ҳикмат бежиз туғилмаган. Буюк мутафаккир Абу Наср Форобий илм аҳли томонидан «Муаллими соний», яъни «Иккинчи муаллим» деб эътироф этилгани ҳам таълим берувчи зотнинг жамиятдаги ўрни нақадар юксак баҳоланганидан далолат беради.
Ҳазрат Алишер Навоий бу ҳақиқатни бежиз шундай ифодалаган:
Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин юз ганж ила.
Яъни сенга бир ҳарф ўргатган инсоннинг ҳаққини юз хазина билан ҳам қайтариб бўлмайди. Бу сатрларда устозлик молу дунё билан ўлчаб бўлмайдиган маънавий қадрият экани акс этган.
XX аср бошларида жадид маърифатпарварлари ҳам миллат тақдирини айнан мактаб ва муаллим билан боғлаган эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори, Абдулла Авлоний каби фидойилар янги усул мактабларини очиб, дарсликлар ёзиб, халқни жаҳолатдан маърифат сари чорладилар. Абдулла Авлонийнинг «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асаридаги машҳур фикр бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган: «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир».
Янги Ўзбекистон ва таълим ислоҳотлари
Мамлакатимизда кейинги йилларда таълим тизими давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган «Янги Ўзбекистон - мактаб остонасидан бошланади» деган ғоя бу йўналишнинг мазмун-моҳиятини аниқ ифодалайди.
2020 йил 23 сентабярдаги «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида педагог ходимларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида экани белгилаб қўйилди. Ўқитувчиларни ўз вазифасига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилишнинг чекланиши, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш, малака ошириш ва халқаро тажриба алмашиш имкониятларининг кенгайиши – буларнинг барчаси устозлик касбининг нуфузини тиклашга қаратилган амалий қадамлардир.
Устоз ва мураббийлар меҳнатининг давлат томонидан қадрланиши амалий ифодасини ҳам топмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2026 йил 29 сентябрдаги «Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, таълим-тарбия тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, ўқув жараёнига илғор тажриба, инновацион педагогик ва рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлашга ҳисса қўшган 109 нафар соҳа вакили давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улардан 10 нафарига фахрий унвон берилди, 45 нафари орденлар, 54 нафари медаллар билан мукофотланди. Хусусан, Сурхондарё вилояти Денов туманидаги 6-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Эргаш Саидов ва Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги 36 мактабнинг математика фани ўқитувчиси Азимбай Сапарбаевга «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» фахрий унвони берилди.
Қонунчилик асосларининг мустаҳкамланиши ва соҳа фидойиларининг давлат мукофотлари билан тақдирланиши бир-бирини тўлдирувчи жараён сифатида намоён бўлмоқда. Бир томондан, педагог мақоми ҳуқуқий кафолатлар билан ҳимоя қилинаётган бўлса, иккинчи томондан, ҳудудлардаги умумтаълим мактабларидан тортиб олий таълим муассасаларигача бўлган таълим тизими ходимларининг меҳнати давлат даражасида эътироф этилмоқда. Бу устозлик касбининг жамиятдаги нуфузини ошириш, ёшларда ушбу касбга қизиқишни кучайтириш ҳамда педагогларни доимий изланиш ва касбий ўсишга рағбатлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, давлатнинг устозга кўрсатаётган эътибори халқимизнинг азалий «Устоз отангдек улуғ» деган қадриятининг бугунги кундаги амалий ифодасидир.
Бугун «Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш» ғояси ҳақида сўз юритар эканмиз, унинг асосини айнан билимли, маънавиятли ва ватанпарвар авлод ташкил этишини унутмаслигимиз лозим. Бундай авлодни тарбиялаш вазифаси эса, энг аввало, устоз ва мураббийлар зиммасига тушади.
Ахборот оқимида устознинг маънавий масъулияти
Ахборот оқими кескин ортган бугунги даврда билим манбалари кўпайди. Исталган маълумотни бир неча сонияда топиш мумкин. Бироқ ҳеч бир технология устознинг ўрнини тўлиқ боса олмайди. Чунки ўқитувчи фақат маълумот бермайди – у фикрлашга ўргатади, тўғрини нотўғридан ажратиш кўникмасини шакллантиради, қалбга меҳр, Ватанга садоқат, ҳалоллик ва масъулият туйғусини сингдиради.
Айниқса, ёшлар онгига турли ёт ғоялар, маънавий таҳдидлар ва «оммавий маданият» таъсири кучайиб бораётган шароитда устознинг маънавий-маърифий роли янада ошади. Бола интернетдан кўп нарса ўрганиши мумкин, аммо ибратни, ҳаётий намунани у, аввало, ўз устозида кўради. Шу маънода, ҳар бир устоз ва мураббий билим бериш билан бирга ёшлар қалбида миллий қадриятлар ва юксак ахлоқий фазилатларни қарор топтирувчи маънавият тарғиботчиси, ҳар бир таълим даргоҳи эса илм, тарбия ва маданиятни уйғун ривожлантирувчи маърифат масканидир.
Устоз – йўл кўрсатувчи нурли чироқ. У ўзи ёниб, атрофни ёритади. Бугунги фаровон ҳаётимиз, қўлга киритаётган ютуқларимиз ортида минглаб ўқитувчи ва мураббийларнинг машаққатли, лекин шарафли меҳнати турибди.
Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан юртимиздаги барча муаллимлар, профессор-ўқитувчилар, тарбиячилар ва мураббийларга чуқур миннатдорлик билдириб, уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва эзгу ишларида янги муваффақиятлар тилаймиз.
Аҳматов Шоҳруҳ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси