Таълим тизимидаги ишлар давом этади
Жиззахда вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан жорий йил 28 январь куни Президентимиз раислигида мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Садриддинова таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Айни пайтда вилоятда жами 569 та таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Шулардан 514 таси умумтаълим мактаби, 35 таси ихтисослашган мактаб ва мактаб-интернати, 4 таси махсус мактаб, 14 таси “Баркамол авлод” болалар мактаби, 1 таси “Меҳрибонлик уйи”, 1 таси малака ошириш ҳудудий марказидир. Ўқувчиларга таълим-тарбия бераётган 22 минг 719 нафар педагогнинг 11 минг 655 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Шу ўринда, ўтган 2021 йилга нисбатан олий тоифали ўқитувилар сони 5,9 фоизга, биринчи тофали ўқитувчилар сони 16,7 фоизга ошганини таъкидлаш жоиз.
[gallery-5787]
– Жиззах вилояти бўйича ўтган 2021 йилда умумтаълим мактабларини тамомлаган 18 минг 878 нафар битирувчидан 6 минг 277 нафари ёки 33,3 фоизи турли олий таълим муассасаларига қабул қилинган, – деди Дилфуза Садриддинова. – Инвестиция дастурига биноан ўтган 2021 йилда Жиззах вилоятида жами 26 та мактабда 158 миллиард 700 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Шундан, 4 та янги мактаб қурилиб, 13 таси реконструкция қилинган, 9 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилган. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларига асосан 18 та мактабда 49 миллиард 300 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Жорий йилда ҳам тизимда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар давом этади. Ҳозирда 19 та мактабни янгидан қуриш, 143 тасини реконструкция қилиш орқали қўшимча ўқув бинолари қуриш ва 102 тасини мукаммал таъмирлаш эҳтиёжи мавжуд. Инвестиция дастурига асосан, жорий йил вилоятда жами 67 та мактабда 219 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Жумладан, 43 та янги, шундан 37 та мактаб филиалларида қурилиш, 16 та умумтаълим мактабини реконструкция ва 8 та таълим муассасасини мукаммал таъмирлаш белгиланган, 8 та спорт зали қурилади. Янги ўқув йилида вилоят бўйича яна 6 минг 382 та янги ўқув ўрни яратилади.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА