Таълим ташкилотларида ҳар душанба куни «Келажак соати» дарслари ташкил этилмоқда
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 2025–2026 ўқув йилидан бошлаб вазирлик тизимидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида ҳар душанба куни «Келажак соати» дарсларини ўтказиш амалиёти жорий этилган.
Бундан кўзланган асосий мақсад – ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ўзликни англаш, ислоҳотлардан хабардорлик, катта авлод вакилларига ҳурмат, ижтимоий-эмоционал кўникмалар ҳамда ижобий хулқ-атвор асосларини шакллантиришдан иборат.
Ушбу дарсларга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маданият ва адабиёт соҳаси мутахассислари, турли йўналишлардаги олимлар, педагоглар, депутатлар ҳамда таниқли санъаткорлар жалб қилиниб, улар томонидан тегишли йўналишлар бўйича қизиқарли ва мазмунли дарслар ташкил этиб келинмоқда.
Дарс соатларини самарали ўтказиш мақсадида малакали эксперт ва мутахассислар иштирокида турли мавзулар бўйича видеоконтентлар тайёрланиб, milliytarbiya.uz платформасига жойлаштириб борилмоқда. Бугунги кунга қадар 180 та сценарий асосида 410 та видеоконтент мазкур платформага жойлаштирилган.
Вазирлик томонидан 2026–2027 ўқув йили учун «Келажак соати» дастури ишлаб чиқилди. Дастур доирасида ўқувчиларнинг ҳар бир ёш гуруҳи учун алоҳида дарс ишланмалари, сценарийлар, визуал ва интерактив материаллар тайёрланди.
Хусусан, машғулотларни ташкил этиш бўйича мактабгача таълим ёшидаги 3–7 ёшли тарбияланувчилар ҳамда умумтаълим мактабларининг 1–4, 5–8 ва 9–11-синф ўқувчилари учун алоҳида ёш гуруҳлари кесимида ўқув дастурлари ишлаб чиқилиб, milliytarbiya.uz платформасига жойлаштирилди.
«Келажак соати» дарсларининг аҳамиятли жиҳати шундаки, ўқувчилар нафақат зарур маълумотларга, балки турли қизиқарли машғулотлар давомида ўз орзу ва мақсадлари билан ўртоқлашиш имкониятига ҳам эга бўлади. Шунингдек, болалар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олмоқда.
Юртимиз тарихида катта из қолдирган аждодларимизнинг сиёсат, илм-фан ва маданият соҳаларида босиб ўтган шарафли йўли, Ватан равнақи йўлидаги фидойиликлари тарбияланувчилар ва ўқувчиларда катта таассурот қолдирмоқда.
Мазкур ўқув соатларини таълим ташкилотларида самарали ташкил этиш, уларнинг мазмун-моҳияти ва амалга ошириш механизмларини масъул ходимларга етказиш мақсадида ўқув-семинарлари ҳам мунтазам равишда ташкил этилмоқда.
Уларда вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари масъул ходимлари, таълим ташкилотлари раҳбарлари вакиллари ҳамда педагоглар иштирок этиб келмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА