Талабалар учун “Бизнес марафон”
Бугун тиббиёт соҳаси вакиллари нафақат инсон саломатлиги посбонлари, балки замонавий иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига ҳам айланиб бораётир.
Урганч давлат тиббиёт институтида бу галги мулоқот мавзуси анатомия ёки терапия эмас, балки иқтисодий юксалиш ва тадбиркорлик истиқболларига бағишланди.

Марказий банк Хоразм вилояти бош бошқармаси ҳамда тижорат банклари вакиллари талаба-ёшлар учун мамлакатимиздаги кредит сиёсати ва унда белгиланган имтиёзлар ҳақида маълумот берди.

– Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан ўтказган учрашувлари давомида уларга яратилаётган имкониятлар ва шарт-шароитлар бўйича Марказий банк ва тижорат банкларига топшириқ берган эди. Шунинг учун бугунги кунда вилоятимиз бўйлаб ёшлар билан “Бизнес марафон” лойиҳаси доирасида учрашув ташкил этмоқдамиз, – дейди Марказий банк вилоят бош бошқармаси бош иқтисодчиси Шаҳризод Ибадуллаев. – Учрашувларда ёшларга, айниқса, талабаларга ўз бизнес ғояларини рўёбга чиқаришлари учун мамлакатимизда яратилган кенг кўламли имкониятлар тушунтирилмоқда. Бугунги талаба нафақат билим олишга, балки ташаббускор ва тадбиркор бўлишга интилиши лозим.

Учрашувда мазкур йўналишда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, ўз бизнесини муваффақиятли юритаётган ёш тадбиркорлар ҳам иштирок этди. Улар ёшларга бизнес лойиҳаларини амалга оширишдаги тажрибаси, эришган ютуқлари ҳамда бугунги кунда юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш ва мустақил ҳаётга тайёрлаш борасида яратилаётган имкониятларни аниқ мисоллар асосида тушунтириб берди.

Шунингдек, тадбир давомида “Келажакка қадам” дастури доирасида талабалар учун амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, дастур орқали 1 миллиард ва 100 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган талабаларга ваучерлар тақдим қилинди, бу эса уларнинг стартап лойиҳаларини амалга ошириш, бизнес ғояларини ривожлантириш ва иқтисодий мустақилликка эришиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири