Талабалар амалиётни қуёш электр станциясида ўташади
Гулистон давлат университети ва China Datang Corporation иштирокида фаолият юритаётган Бўка қуёш электр станцияси ўртасида таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликнинг янги босқичига асос солинди.
Шу муносабат билан университетнинг Физика кафедраси профессор-ўқитувчилари, жумладан, Хитойнинг Тянзин шаҳрида EPIP (Engineering Practice Innovation Program) лойиҳаси доирасида малака оширган педагоглар Бўка қуёш электр станциясига ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
Ташриф давомида университет вакилларига қуёш электр станциясининг технологик имкониятлари, электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий ускуналарнинг ишлаш тамойили, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ҳамда меҳнат хавфсизлиги талаблари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Учрашувда университетнинг «Муқобил энергия манбалари» таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун дуал таълим тизимини йўлга қўйиш, уларнинг ишлаб чиқариш амалиётини Бўка қуёш электр станциясида ташкил этиш ва таълим жараёнини амалиёт билан уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Дастлабки келишувларга мувофиқ, мазкур таълим йўналишида таҳсил олаётган 39 нафар битирувчи талаба Бўка қуёш электр станциясида ишлаб чиқариш амалиётини ўтайди. Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб дуал таълим элементларини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган.

Амалиёт давомида талабалар электр энергияси ишлаб чиқариш технологиялари, қуёш панелларидан самарали фойдаланиш, электр ускуналарига техник хизмат кўрсатиш, рақамли бошқарув тизимлари, меҳнат муҳофазаси ҳамда саноат хавфсизлиги талабларини бевосита ишлаб чиқариш муҳитида ўзлаштириш имконига эга бўладилар.

— Бўка қуёш электр станцияси билан ўтказилган музокаралар давомида таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг ишлаб чиқариш корхоналарида малака оширишини йўлга қўйиш, корхона мутахассисларини таълим жараёнига кенг жалб этиш ҳамда қўшма илмий-амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдик. Бу ҳамкорлик талабаларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар билан бойитиш, уларни меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар сифатида тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади, — дейди Гулистон давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов.

Энг муҳими, мазкур ҳамкорлик таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан янада уйғунлаштириш, талабаларнинг касбий маҳорати ва амалий кўникмаларини ошириш, иш берувчилар талабига жавоб берадиган рақобатбардош кадрларни тайёрлаш ҳамда қайта тикланувчи энергетика соҳаси учун малакали мутахассислар захирасини шакллантиришга мустаҳкам замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири