Талаба ёшлар сайловга оид билимини бойитди
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида талабалар ўртасида “Сайлов – 2021” викторанаси бўлиб ўтди.
Маълумки, шу йил 24 октябрь куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Айни кунда сайловга тайёргарлик жараёнлари қизғин давом этмоқда, мазкур сиёсий жараёнга бағишланган турли тадбирлар ўтказилмоқда.


Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ректорати, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ташаббуси билан ташкил этилган викторинада талаба ёшларнинг сайлов қонунчилиги, номзодлар, уларнинг сайловолди дастурлари ҳақидаги билимлари синовдан ўтказилди.
– Мазкур викторина – интерактив ўйин ёшларнинг сиёсий қарашларини кенгайтириш, сайлов борасидаги билим ва тушунчаларини бойтиш, қолаверса, уларнинг фаол ва ташаббускорлигини ошириш мақсадида ташкил этилди, – дейди институт ёшлар етакчиси Орифжон Абдуллаев. – Унда ҳар бир факультетдан 1- 4 босқич талабаларидан тузилган жамоалари сайлов борасидаги билимларини синовдан ўтказди.


Қизиқарли савол-жавоблар, айниқса, сайловда илк маротаба иштирок этаётган ёшларнинг тадбирда бевосита иштирок этганлиги викторинани янада қизиқарли ўтишини таъминлади.
Викторина ғолиблари ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара асарларидан жамланган адабиётлар тўплами билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА