Таиландда россияликлар учун визасиз режим муддати қисқартирилди
Таиланд ҳукумати Россия фуқаролари учун мамлакатда визасиз бўлиш муддатини 60 кундан 30 кунгача қисқартирди ва ушбу янги қоида 15 сентябрдан кучга кирди. Шу билан бирга, виза муддатини узайтириш мақсадида қўшни давлатларга қисқа муддатга чиқиб-қайтиш – "visa run" амалиётига ҳам чеклов киритилди. Эндиликда бу имкониятдан йилига фақат икки марта фойдаланиш мумкин.
Ушбу мамлакатда узоқроқ муддат қолишни режалаштирган хорижликлар олдиндан тегишли тоифадаги визани расмийлаштириши талаб этилади. Туроператорлар таъкидлашича, бу ўзгариш асосий сайёҳлар оқимига жиддий таъсир кўрсатмайди, чунки россияликларнинг аксари Таиландда асосан 8-15 кун ёки камдан-кам ҳолда бир ой дам олади.
Янги чеклов қишни Таиландда ўтказишга одатланган фрилансерлар, масофадан ишловчилар ва оилалар учун муайян ноқулайлик туғдиради. Жорий йил ёзда мамлакатга 233 100 нафар РФ фуқароси борган, 2026 йил якунида бу кўрсаткич 2 миллион кишига етиши кутиляпти.
Шу боис томонлар ўзаро ҳаво қатнови сонини ошириб, сайёҳлар оқимини янада тезлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА