ТАҲЛИЛ ВА ТАНҚИД: “Нефтгазмонтаж”да молиявий ва ташкилий интизом нега издан чиқди?
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов иштирокида ўтказилган йиғилишда ташкилот таркибидаги “Нефтгазмонтаж” МЧЖ фаолияти танқидий таҳлил қилинди.
Унда корхонада иш жараёнлари замон талабларига жавоб бермайдиган, эски усулларда ва рақамлаштиришсиз олиб борилаётгани очиқ қайд этилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, бошқарувдаги камчиликлар ва манфаатлар тўқнашуви самарадорликни кескин пасайтирган. Қурилиш ишлари 21,4 фоизга қисқарган бўлса, омборлардаги моддий ресурслар асоссиз равишда 129 фоизга ортиб кетган. Энг жиддий ҳолатлардан бири эса ишчиларга ноябрь ойидан буён иш ҳақи тўланмаганидир.

Корхона салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмагани натижасида иш ҳажмлари пасайган, юқори малакали кадрлар қўнимсизлиги ошиб кетган. Техник парк ҳам деярли издан чиққан: мавжуд ускуналарнинг катта қисми носоз ёки ишга яроқсиз ҳолатда. Уларни ўз вақтида таъмирлаш чоралари кўрилмагани вазиятни янада оғирлаштирган.
Назорат тизимларининг йўқлиги, хусусан, транспорт воситаларида GPS кузатувининг жорий этилмагани ресурслардан самарали фойдаланишга тўсқинлик қилган. Шу билан бирга, фойдаланилмаётган объектлар учун ортиқча харажатлар қилиниши ҳам кескин танқид қилинди.

Таҳлил жараёнида кадрлар сиёсатидаги жиддий муаммолар ҳам очиб берилди. Қариндош-уруғчилик ҳолатлари кенгайиб, бу ҳолат иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатгани қайд этилди.
Йиғилиш якунида бир қатор қатъий қарорлар қабул қилинди. Айрим масъул раҳбарлар лавозимидан четлатилди. Ишчилар олдидаги қарздорликни қисқа муддатда бартараф этиш вазифаси қўйилди.
Жамият ахборот хизматига кўра, корхонани молиявий жиҳатдан соғломлаштириш, рақамли бошқарувга ўтиш, харидлар ва ҳисоб-китоб тизимини шаффофлаштириш бўйича аниқ чоралар белгилаб берилди. Самарасиз активларни аукционга чиқариш ва техник базани тиклаш ҳам устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА