Тадбиркорликни қўллаш давр талаби
Фракция раҳбари туман кенгаши депутатлари, электорат вакиллари ва партия фаоллари билан мулоқот ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари кенгаши раиси, O’zLiDeP сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари – O’zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманидаги “Хўжайли агросаноат маркази” масъулияти чекланган жамиятида бўлди.
Ўтган йилнинг январь ойида фаолиятини бошлаган “Хўжайли агросаноат маркази” масъулияти чекланган жамияти Жанубий Корея, Туркия ва Хитойдан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Бугунги кунда марказ қошида иссиқхона ва гуручни қайта тозалаб берувчи замонавий типдаги тегирмон ҳам фаолият юритмоқда.
Марказдаги 2 минг 710 тонна сиғимдаги музлатгичда асосан сабзавот ва полиз маҳсулотлари қадоқланиб сақланади. Бу ерда 80 нафарга яқин кишининг бандлиги таъминланган. Уларнинг вақтида дам олиши, меҳнат қилиши учун барча шароитлар яратилган.
Жами 4 гектарлик иссиқхонада асосан помидор етиштирилиб, ҳар бир гектар ердан йилига 100-120 тонна маҳсулот олинади. Маҳсулотлар ҳозирча ички бозорларга етказиб берилмоқда. Келгусида Россия Федерациясига ва Қозоғистон Республикасига ҳам экспорт қилиш режалаштирилмоқда.
Фракция раҳбари туман кенгаши депутатлари, электорат вакиллари ва партия фаоллари билан мулоқот ўтказди.
Учрашувда давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти, давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, барча соҳалар сингари қишлоқ ва аграр соҳадаги ишлар муҳокама қилинди. Бу борада мамлакатимизда, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида логистика марказлари ва иссиқхоналарни қуриш, айниқса, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди.