Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тўхтатиб туриш фақат қонунга биноан амалга оширилади
Давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини мустаҳкамлашга ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонунга кўра, тадбиркорлар зиммасига янги мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловлар юклатилишини назарда тутувчи норматив ҳужжатлар лойиҳалари бевосита тадбиркорлар ҳамда улар бирлашмалари иштирокида муҳокама қилинади.
Тадбиркорлик субъектининг фаолияти ўзининг аризасига асосан; 10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга – назорат қилувчи органлар томонидан; 10 иш кунидан ортиқ, лекин 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга – суд томонидан тўхтатиб турилиши мумкин.
Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив-техник ҳужжатлар билан белгиланган барча мажбурий талаблар давлат томонидан Мажбурий талаблар реестрига киритилади.
Тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий, экологик муаммоларни ҳал этишга ёки уларнинг оқибатларини юмшатишга қаратилган фаолияти ижтимоий тадбиркорлик деб эътироф этилиши белгиланди.
Ижтимоий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш имтиёзлар ва преференциялар бериш; ижтимоий лойиҳаларга доир харажатларни субсидиялаш; давлат ижтимоий буюртмасини жойлаштириш; молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш; ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш; маслаҳат бериш, услубий ёрдам кўрсатиш ва ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлаш каби шаклларда амалга оширилади.
Қонунчиликка риоя этиш билан бир қаторда, барқарор ривожланишга ҳисса қўшган ҳамда ўз фаолиятининг инсон ҳуқуқлари, атроф-муҳит ва жамоат манфаатларига нисбатан салбий таъсирининг олдини олиш учун чоралар кўрган ҳолда тадбиркорликни амалга ошириш масъулиятли бизнес юритиш деб эътироф этилади.
Тадбиркорлик субъекти томонидан масъулиятли бизнес юритишнинг асосий мезонлари инсон ҳуқуқларига риоя этиш; меҳнатга ва ишлаб чиқаришга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай қонунга хилоф амалиётга йўл қўймаслик; атроф-муҳитни, ўз ходимларининг ва аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатилишининг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш ва бошқалардан иборат.
Н.Абдураимова,ЎзА