Тадбиркорлар ҳуқуқи ишончли ҳимояда
Термизда тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Термизда тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилган тадбирда вилоят адлия бошқармаси, вилоят прокуратураси, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси масъул ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар, журналистлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 5 октябрда имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон хусусий секторни ривожлантириш борасидаги ишларни янги босқичда давом эттириш ва энг муҳими, халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Ушбу ҳужжатда белгиланган чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаб, соҳани янада либераллаштиришда муҳим омил бўлади. Фармонга асосан тадбиркорлик субъектларига янги имтиёзлар тақдим этилади, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашувга чек қўйилади. Текширишларни ўтказиш сони ва муддати қисқартирилади. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни йиғиш харажатлари камайтирилади.
– Фармон хусусий секторни жадал ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболларини белгилаб бергани билан аҳамиятлидир, – дейди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Рустам Норлиев. – Тадбиркорлар ҳуқуқи ва уларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга эътибор янада кучаяди. Тадбиркорлик фаолиятига қонунга зид равишда аралашган ёки тўсқинлик қилган айбдорлар жавобгарлиги белгилангани тўсиқ ва ғовларга барҳам беради. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини оширишни рағбатлантирадиган валютани тартибга солиш ва валюталар курси сиёсатининг илғор бозор механизмлари яратилиши мамлакатимиз экспорт салоҳияти янада юксалишини таъминлайди. Буларнинг барчаси тадбиркорларга яратилаётган имкониятларни янада кенгайтириб, уларнинг ишончли фаолият юритишида муҳим ҳуқуқий асос бўлади.
Тадбирда тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, аудиторлик ташкилотлари ва солиқ маслаҳатчилари кўрсатаётган хизматлар сифати ва тақдим этаётган хулосалари ҳаққонийлиги учун жавобгарликни кучайтириш каби масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.