Тадбиркор аёл: икки нафар ишчидан 45 нафарлик жамоага
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизларни бизнес фаолиятига кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги «Бека чарос» хусусий корхонаси ҳам шундай тадбиркорлик субъектларидан бири ҳисобланади.
Корхона раҳбари Гулбека Қўчқорова 2008 йилда фаолиятини икки нафар тикувчи билан бошлаган. Бугунги кунда корхонада 45 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Бу ерда тиббиёт ва мактабгача таълим муассасалари учун чойшаб, кўрпа-ёстиқлар, шунингдек, аёллар ва болалар кийимлари буюртма асосида ишлаб чиқарилмоқда. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 2 миллиард сўмгача етади.
[gallery-30514]
Гулбека Қўчқорованинг меҳнат фаолияти давлат томонидан ҳам муносиб эътироф этилган. У 2022 йилда «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланган. Айни пайтда Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати сифатида ҳам фаолият юритмоқда.
Тадбиркор Самарқанд вилояти Ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда «Зиёда Иймона» унитар корхонасини ҳам ташкил этган. Унда ижтимоий соҳа муассасалари учун тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирда мазкур корхонада 6 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА