Тадбиркор аёллар тажриба алмашди
Кейинги йилларда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналарига раҳбарлик қилаётган хотин-қизлар 1,6 баробар ошиб, бугунги кунда ушбу субъектларнинг 40 фоизини аёллар бошқармоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналарига раҳбарлик қилаётган хотин-қизлар 1,6 баробар ошиб, бугунги кунда ушбу субъектларнинг 40 фоизини аёллар бошқармоқда.Пойтахтимиздаги Халқаро савдо марказида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси томонидан оилавий тадбиркорликка бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида бу алоҳида таъкидланди.
ЎзЛиДеП хотин-қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг ушбу соҳадаги билимларини ошириш мақсадида “Оилавий тадбиркорликдан мустаҳкам оилага” лойиҳасини амалга ошириб келаётир. 2012-2015 йилларда мазкур лойиҳа доирасида бир минг икки юздан зиёд хотин-қизга тижорат банклари томонидан 20 миллиард сўмга яқин кредит ажратилган.
– Ўтган йили ушбу лойиҳада иштирок этиб, 50 миллион сўм сармоя олиб фаолиятимни янада кенгайтирдим, – дейди Навоий вилоятидаги “Асадбек зиё нур” хусусий корхонаси раҳбари Зебо Рустамова. – Миллий каштачилик билан бирга, атлас, адрас ва ипак матолар ишлаб чиқаришга мўлжалланган цех фаолиятини ҳам йўлга қўйдик.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунлари асосида яратилган имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Тадбиркор хотин-қизлар ўз тажриба ва иш услублари, эришаётган ютуқлари ҳақида гапириб берди. Уларнинг маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.