Табиий офат оқибатлари бартараф этилмоқда
Фориш тумани ҳудудида 9–10 февраль кунлари кузатилган кучли шамол ва кейинги муттасил ёғингарчилик айрим инфратузилма объектлари ҳамда яшил ҳудудларга зарар етказди. Оқибатда қатор маҳаллаларда дарахтлар қулади, йўл белгилари шикастланди, сув қочириш тизимларида чиқиндилар тўпланди.
Дастлабки маълумотларга кўра, “Боғдон”, “Ўзбекистон”, “Оқтепа”, “Учма”, “Сайёд” ва Ойбек номли маҳаллаларда мевали ва манзарали дарахтлар зарар кўрган. Айниқса, марказий кўчалар ҳамда ижтимоий объектлар атрофида хавфсизликни таъминлаш долзарб вазифага айланди.

Туман ободонлаштириш хизмати, йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ва экология бўлими мутахассислари томонидан тезкор чоралар кўрилди. Қулаган дарахтлар олиб ташланиб, йўллар, тротуарлар ва лотоклар лойқа ҳамда чиқиндилардан тозаланмоқда. Шамолда йиқилган йўл белгилари қайта ўрнатилиб, сув қочириш тармоқлари тикланмоқда. Ижтимоий соҳа объектлари фаолиятини барқарорлаштириш юзасидан изчил ишлар олиб борилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, глобал иқлим ўзгариши шароитида экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг кўпайиши табиий жараёнга айланмоқда. БМТнинг атроф-муҳитга оид ҳисоботларида ҳам инфратузилмани мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш тамойилларини кучайтириш зарурати қайд этилган.

Ҳудудда нафақат оқибатларни бартараф этиш, балки эҳтимолий хавфларнинг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қулаш хавфи мавжуд дарахтлар хатловдан ўтказилиб, мустаҳкамланмоқда, экологик зарарлар бўйича далолатномалар расмийлаштирилиб, яшил ҳудудларни тиклаш режалари ишлаб чиқилмоқда.

Мутасаддиларнинг маълум қилишича, вазият барқарор. Барча хизматлар кучайтирилган тартибда иш олиб бормоқда. Аҳолидан хавф туғдирувчи ҳолатлар аниқланганда тегишли идораларга хабар бериш сўралмоқда.
Табиий офат синов бўлса-да, унинг оқибатларини қисқа муддатда бартараф этишда давлат хизматлари ва маҳаллий аҳолининг ҳамжиҳатлиги муҳим омил бўлаётир.

Абдужалол Қаюмов (сурат), ЎзА мухбири