Табиатни асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир
Бухорода Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилояти Кенгаши, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Табиатни асраш – инсонни, Ватанни асраш демакдир” шиори остида фотокўргазма бўлиб ўтди.
Тадбирда ёшларнинг экологик маданиятини ошириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири экани таъкидланди. Ёш рассомлар томонидан экологик муаммоларни ёритувчи ижодий суратлар намойиш этилди. Шунингдек, талабалар билан мулоқот аввалида экологияни тарғиб қилувчи видеороликлар намойиш этилди.

– Иштирокчиларга биологик хилма-хилликнинг камбағаллашуви, бироқ, табиат занжирида уларнинг ўзига хос ўрни мавжудлиги, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланишда барчадан бирдек экологик билим ва маданият юксак даражада бўлиши ҳақида тушунча берилди. Бундан ташқари, саноат корхоналари ва транспорт воситаларидан чиқаётган газларнинг озон қатламига салбий таъсири юзасидан ҳам маълумотлар берилди, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилоят Кенгаши раиси Жаҳонгир Шарипов.

Тадбир давомида иштирокчиларга “Табиатни асраш – инсонни, Ватанни асраш демакдир тавсиялар” номли қўлланмалар ҳам тарқатилди.

Фотокўргазма ёшлар онгида табиатни асраш, экологик мувозанатни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга масъулият билан ёндашиш зарурлигини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этди.
Зариф Комилов, ЎзА