Сувсозлар замонавий махсус техникали бўлди
Термизда “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамиятига 39 та замонавий махсус техника топширилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида сувсозларга топширилган махсус техникалар шаҳарлар инфратузилмаси комплекс ривожлантирилаётган воҳада аҳолининг соҳадаги сервис хизматларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиради.

Президентимизнинг 2024 йил 31 январдаги “Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қўшимча янги лойиҳалар асосида вилоятнинг еттита туманидаги шаҳар ва Бойсун туманидаги Омонхона туризм қишлоғи йўл бўйида ичимлик суви, сувоқова тармоғи, йўл инфратузилмаси тубдан яхшиланиб, ижтимоий соҳа иншоотлари барпо этилаётир, кичик механизмлар харид қилинмоқда. Бу ҳудудларда инфратузилманинг тубдан янгиланаётгани аҳоли турмуш даражасини юксалтириб, коммунал хизматлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, лойиҳада жанубдаги воҳада қарийб 81 километр тоза ичимлик суви тармоғи тортилиб, иккита сув иншооти бунёд этиш, беш километр сувоқова тармоғи ва бешта иншоот қуриш режалаштирилган.

– Тизимга топширилган замонавий техникалар юзага келадиган турли носозликларни тезкор тузатиб, қурилиш-таъмирлаш ишларини янада самарали ташкил этишга хизмат қилади, – дейди “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти бошлиғи Ўктам Абдулқосимов. – Иш унумдорлигини оширади. Истеъмолчиларимизнинг сервис хизматларимиздан фойдаланиш даражасини юксалтиради. Кейинги йилларда соҳани замонавий техника ва ускуналар билан таъминлашга қаратилаётган эътибор кўп вақт ва қўл меҳнати талаб этадиган ва шу пайтгача мураккаб жараёндек туюлган ишларни янги воситалар ёрдамида анча енгил ва тезкор бажаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу сувсозларимиз вақтини тежаш ва барча ишларни сифатли амалга оширишга қулай имконият яратмоқда.

Вилоятда истеъмолчиларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқава сув тизимларини яхшилашга қаратилаётган эътибор туфайли жорий йилнинг биринчи чорагида аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси шу йил бошидаги 67,5 фоиздан 68 фоизга етди ёки 52 та маҳалладаги 12 минг 431 киши илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. 31 та маҳалладаги 32 минг 553 нафар истеъмолчининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.


Тадбирда сув таъминоти корхоналарига еттита юклагич экскаватор, тўртта гидродинамик машина, еттита қувурлар учун пайвандлаш ускунаси, 14 та ассенизация машинаси, 7 та ихтисослаштирилган авария-таъмирлаш машинаси тантанали топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири