“Сув париси – 2026” халқаро мусобақаси бошланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 ноябрдаги “Сув спорти турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда жорий йил апрель ойида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, "Uzbekistan aquatics" федерацияси ва Спорт вазирлиги ҳамкорлигида синхрон сузиш бўйича “Сув париси – 2026” очиқ халқаро турнири ташкил этилди.
Нуфузли мусобақанинг тантанали очилиш маросими “Олимпия шаҳарчаси”даги Сув спорти турлари саройида юқори савияда ташкил этилди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, “World Aquatics” бюроси аъзоси Шаҳноза Мирзиёева, Касаба уюшмалари ҳамда “Uzbekistan Aquatics” федерациялари раиси Қудратилла Рафиқов, спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров иштирок этди.
Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Касаба уюшмалари ҳамда “Uzbekistan Aquatics” федерациялари раиси Қудратилла Рафиқов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда спорт соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, айниқса, сув спорти турларини ривожлантириш борасидаги кенг қамровли ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Хусусан, селекция тизимини такомиллаштириш, мураббийлар малакасини ошириш, замонавий иншоотлар қуриш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш каби йўналишларда амалга оширилаётган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юқори баҳоланаётгани таъкидланди.
Пойтахтимизда иккинчи бор ўтказилаётган ушбу мусобақада Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Беларусь давлатларидан жами 180 нафарга яқин спортчи турли ёш тоифаларида ғолиблик учун беллашмоқда. Дастурга кўра, техник ва эркин дастурлар, дуэт ва гуруҳ чиқишлари бўйича кучлилар сараланади.
[gallery-29004]
Халқаро мусобақа нафақат юртимизда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида синхрон сузишни оммалаштириш, спортчилар ўртасида тажриба алмашиш ва янги иқтидорларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА