Сув омборларини суғурталаш нима беради?
“Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасига кўра, республикамиздаги мавжуд сув омборларини давлат бюджетидан суғурталаш масаласи кўзда тутилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида муҳокама қилиш давомида сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев мамлакатимиздаги сув омборларини суғурталаш 3,5 миллиард сўмга тушишини таъкидлади. Бу тартиб 2024 йилдан бошлаб жорий этилиши ва давлат бюджетида назарда тутилишини қайд этди.
Ушбу масалада сўз олган айрим депутатлар суғурталаш масаласига эътироз билдирди. Депутат Дониёр Ғаниев эса гидротехника иншоотларининг суғурталаниши ижобий ҳолат эканлигини қайд этди:
— Суғурта компанияларининг ҳам ўз талаблари бўлади. Агар уларнинг талабларига тўғри келмайдиган бўлса ёхуд сув омборида қандайдир муаммо бўлса, компания суғурта қилишдан қочади ва бу сигнал, огоҳлантириш бўлади. Гидротехника иншоотларининг суғурталаниши ҳам фуқаролар, ҳам давлат бюджети, ҳам суғурта бозори ривожига хизмат қилади, — деди депутат.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА