Сурхондарёлик ёш газчилар байрамни Шаҳрисабзда нишонламоқда
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалида меҳнат қилаётган бир гуруҳ фаол ёшлар учун Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманига саёҳат уюштирилди.
Байрам арафасида ёшларни саёҳатга кузатиш чоғида “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали директори M.Мансуров Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлган йигит-қизларга давлатимиз кўрсатаётган юксак эътибор ҳақида атрофлича маълумот берди. Ёш газчиларга саёҳатлари сермазмун, мароқли ўтишини тилади.

Мафтункор шаҳарга келган сурхондарёлик ёшлар саёҳатини Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой мажмуасидан бошлади. Ўз даврида Амир Темур барпо этган қадимий мажмуани зиёрат қилиб, унинг қурилиш тарихи билан яқиндан танишди. Оқсаройнинг тарихий аҳамияти, меъморий хусусиятлари, санъат ва маданиятга таъсири, замонавий аҳамияти, шунингдек, архитектура услублари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлди.

Шаҳрисабз тумани марказидан 35 чақиримча узоқда бунёд этилган Ҳисорак сув омбори ҳам ёш газчиларда бой таассурот уйғотди. Йирик гидротехник иншоотни кўздан кечириб, бетакрор табиат манзараларидан баҳраманд бўлди.

Саёҳат дастурида ёшларнинг нафақат тарихий-маданий обидаларни зиёрат қилиб, диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишиши, балки қизиқарли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб, мазмунли ҳордиқ чиқариши ҳам режалаштирилган.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири