Сурхондарёлик ҳунармандлар тақдирланди
Термиз шаҳридаги “Ҳунармандчилик маҳсулотлари галереяси”да “Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги”га киритилган сурхондарёлик янги аъзоларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан “Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги”ни жорий этиш белгиланган эди. Миллий каталогга киритилган ҳунармандларга чет эл сафарларига чиқишда сафар харажатларининг 50 фоизи тўлаб берилиши, ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун уларга ер ажратилиши ҳамда имтиёзли равишда кредитлар ажратилиши, шогирдлари сонининг мутлақо чекланмаслиги каби бир қатор имтиёзлар қўлланилиши кўзда тутилган.
[gallery-2030]
Тадбирда сўзга чиққан вилоят “Ҳунарманд” бошқармаси бошлиғи Муҳайё Жўраева мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, бу орқали халқимизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини сақлаб қолиш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни ҳунармандчиликка кенг жалб этиш орқали уларнинг иш билан бандлигини таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор хусусида алоҳида тўхталди.
Таъкидлаш жоиз, Сурхондарё вилояти бўйича жами 30 нафар уста ҳунарманд Миллий каталогга киритилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ олган суратлар, ЎзА