Сурхондарёда Бутунжаҳон Ер кунига бағишланган тадбир ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
22 апрель — Бутунжаҳон Ер куни муносабати билан Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида геодезия, картография ва кадастр йўналишида таҳсил олаётган талабалар иштирокида тадбир ташкил этилди.
Кадастр агентлиги, Давлат кадастрлари палатаси Сурхондарё вилояти бошқармалари ҳамда Республика аэрогеодезия маркази вилоят ҳудудлараро бўлинмаси томонидан ўтказилган тадбирда соҳа мутахассислари талабаларни замонавий геодезик асбоб-ускуналар билан таништирди.
Тадбирда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ер деградациясига қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-28939]
Таъкидланганидек, юртимизда иқлим ўзгариши туфайли кучайиб бораётган ер деградациясига қарши курашиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада ерларни муҳофаза қилиш, чўлланиш ва қурғоқчиликнинг олдини олиш, тупроқ унумдорлигини ошириш ҳамда деградацияга учраган ерларни қайта тиклашга қаратилган вазифалар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбир доирасида талабаларнинг соҳавий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида заковат ўйинлари, очиқ дарслар ва “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди. Унда мутахассислар кадастр соҳаси, ер назорати, давлат рўйхатидан ўтказиш тартиблари ҳамда бино ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш бўйича маълумот берди.
Якунда тадбирда фаол қатнашган талаба-ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА