Сурхондарё – Афғонистон ҳамкорлиги ривожланмоқда
“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида Сурхондарё – Афғонистон тадбиркорларининг бизнес форуми бўлиб ўтмоқда.
Форум доирасида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси раиси ўринбосари Хажи Мохд Алем Ариан Азими бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, янги ҳамкорлик йўналишларини ривожлантириш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган тадбирда сўнгги йилларда Сурхондарё вилояти билан Афғонистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Жумладан, 2024 йил ўзаро ташқи савдо айланмаси 48 миллион долларни ташкил этган бўлса, ўтган йил бу кўрсаткич 239 миллион долларга етиб, қарийб 5 баравар ўсгани қайд этилди. Шу даврда экспорт ҳажми 133 миллион долларни ташкил этиб, 4 бараварга, импорт 107 миллион долларга етиб, 22 баравар ошди.
Вилоят қулай географик жойлашуви, Афғонистон билан чегарадошлиги, ривожланган транспорт инфратузилмаси ва “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси билан ўзаро савдони ривожлантиришга қулай имконият яратади. Вилоятда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари, кимё ва фармацевтика, енгил саноат ҳамда логистика соҳаларида йирик ишлаб чиқариш салоҳияти мавжуд.

Таҳлилларга кўра, айни пайтда Афғонистон бозорида бензин ва дизель маҳсулотлари, цемент ва қурилиш материаллари, буғдой уни ва дон маҳсулотлари, минерал ўғитлар, текстиль ва трикотаж, пластик ва полимер, электр кабеллари ва техник жиҳозларга катта эҳтиёж бор. Бу турдаги маҳсулотларнинг асосий қисми Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади. Қўшни давлатдан Сурхондарёга қуруқ мевалар ва ёнғоқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва уруғликлар, гиламчилик ва анъанавий ҳунармандчилик, айрим турдаги енгил саноат маҳсулотларини импорт қилиб, ўзаро товар айирбошлашни диверсификация қилиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш мумкин.
Бизнес форумда қўшни мамлакатдан қурилиш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, гиламчилик, пластик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, транспорт-логистика каби соҳаларда фаолият юритадиган тадбиркорлар иштирок этмоқда.

Вилоят раҳбари учрашувда афғон тадбиркорлари билан қатор устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва соҳанинг инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, фармацевтика тармоғида дори-дармон ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва уларни экспортга йўналтириш масалалари илгари сурилди. Шунингдек, полиэтилен ва пластик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ун ва озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш бўйича кооперацияни йўлга қўйиш, қуруқ меваларни қайта ишлаш ҳамда самарали логистика занжирини шакллантириш йўналишларида ҳам ҳамкорлик қилиш таклиф этилди.

Жорий йил вилоят бир миллиард доллар қийматидаги маҳсулот, хизматни экспорт қилишни мўлжалламоқда. Бу режанинг ярмини Афғонистон билан амалга ошириш учун қулай шароит бор.
Бизнес форумда янги ғоя ва лойиҳалар бўй кўрсатиб, янги келишувларга эришилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар мустаҳкам иқтисодий шерикликка пухта замин яратиб, ён қўшни мамлакат тадбиркорлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни кучайтиришга хизмат қилади.
Сурхондарё ва Афғонистон тадбиркорларини яна ана шундай эзгу мақсад йўлида бирлаштирган форумда томонлар истиқболли қатор йўналишларда ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзолади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири