Сурияда кучлар мувозанати ўзгармоқда(ми)?
Москва Яқин Шарқ институти мутахассислари хулосасига кўра, Қўшма Штатлар Дамашқда ҳокимият алмашинувидан сўнг Сурияда Россия таъсирини чеклаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирмоқда.
Таъкидланишича, Пентагон расмийлари РФнинг Суриядаги мавжудлиги билан боғлиқ хавфларни баҳолаш ва уни камайтириш чораларини ўз ичига олган тузатишларни таҳлил қилган.
Экспертлар фикрича, Асад режими қулаганидан бери Москва Сурия сиёсатидаги асосий ташқи ўйинчи мақомини йўқотди ва энди РФ асосан, Шарқий Ўрта ер денгизида Хмеймим ва Тартусдаги ҳарбий базаларини сақлаб қолишга эътибор қаратмоқда.
Баъзи сиёсий таҳлилчилар таъкидлашича, янги Сурия маъмурияти турли халқаро шериклар ўртасида мувозанатни сақлаб, ташқи сиёсий алоқаларини диверсификация қилишга интилмоқда. Россия ҳали ҳам ҳарбий ва иқтисодий ҳамкорлик орқали маълум таъсир воситаларини сақлаб қолмоқда, лекин Суриядаги кейинги воқеалар Москванинг мамлакатдаги сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатишнинг аввалги қобилиятини сезиларли даражада чекламоқда.
С.Раҳимов, ЎзА