Сурия Асад режимидан қолган кимёвий моддаларни йўқ қилишни бошлади
Сурия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашига мамлакат собиқ президенти Башар Асад давридан қолган кимёвий моддаларни йўқ қилишни бошлагани ҳақида хабар берди. Дамашқнинг БМТдаги вакили Иброҳим Алаби бу ўн йилдан ортиқ вақт ичида Сурия ҳудудида биринчи марта амалга оширилаётган жараён эканлигини айтди.
Унинг таъкидлашича, амалиёт тақиқланган материалларнинг нотўғри қўлларга тушиб қолишининг олдини олиш, шунингдек, Сурия ва минтақага таҳдидни камайтиришга қаратилган.
Янги Сурия ҳукумати Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
2021 йилда КҚТТ Сурия ҳаво кучлари тинч аҳолига қарши зарин ва хлор ишлатганлиги ҳақидаги хулосадан сўнг, Сурияни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилганди. Жорий йил июль ойида ташкилот Асад режими ағдарилгандан кейин ўзгарган вазият ва янги ҳукуматнинг кимёвий аслаҳаларини йўқ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, ўлканинг тўлиқ овоз бериш ҳуқуқини тиклади.
С.Раҳимов, ЎзА