Суперлигада бугун 13-тур якунланади
Ўзбекистон Суперлигасининг 13-тур учрашувлари қизғин ва муросасиз курашлар остида давом этмоқда. Турнинг илк кунларида қайд этилган натижалар чемпионатдаги рақобат тобора кескинлашаётганини яна бир бор намоён қилди.
Муборакдаги учрашувда тур пешқадамларидан бири саналган «Насаф» маҳаллий «Машъал» майдонида муҳим икки очкони йўқотди. Ҳисоб 1:1 кўринишида якунланиб, мезбонлар иродали ўйини билан кучли рақибдан очко тортиб олди.
Қўқонда эса турнинг энг йирик ғалабаларидан бири қайд этилди. Олмалиқнинг «ОКМК» жамоаси «Қўқон-1912»ни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионлик учун курашдаги даъвосини яна бир бор тасдиқлади. Меҳмонлар ҳужумда самарали ҳаракат қилиб, рақибга деярли имконият қолдирмади.
Тошкентдаги «Локомотив» – «Андижон» баҳси эса мухлисларга ҳақиқий футбол томошасини тақдим этди. Олти гол урилган учрашувда ғолиб аниқланмади ва жамоалар майдонни 3:3 ҳисобидаги жанговар дуранг билан тарк этди.
[gallery-30523]
13-тур баҳслари 23 июль куни ҳам давом этади. Бу гал футбол ихлосмандларини яна икки қизиқарли тўқнашув кутмоқда. Наманганда «Навбаҳор» ўз майдонида «Қизилқум»ни қабул қилса, Термизда «Сурхон» Самарқанднинг «Динамо» жамоасига қарши майдонга тушади.
Мазкур учрашувлар натижалари турнир жадвалидаги жойлашувга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, юқори поғоналар учун курашаётган жамоаларнинг ҳар бир очкоси мавсумнинг ҳал қилувчи палласида катта аҳамият касб этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА