Сунъий интеллект ҳокимият ўрнини боса оладими?
Ўзбекистон Президентининг "Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида Ўзбекистон саноат қурилиш банки томонидан Қўқон шаҳри учун дастурий таъминот ишлаб чиқилди ва шаҳар ҳокимлигида тақдимоти ўтказилди.
Мутасаддилар билан мулоқот чоғида Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов давлат органларида мавжуд муаммоларни сунъий интеллектга асосланган ечимлар орқали ҳал этиш, маҳаллий ҳокимият ва маҳаллалар фаолияти самарадорлигини ошириш, фаолиятида вақт ва инсон ресурсларини тежовчи технологияларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.

Айни пайтда дастурий таъминот серверлари тўлақонли фаолият учун шай ҳолатга келтирилган. Дастурга Қўқон шаҳри ҳақидаги маълумотларни янада кўпроқ киритиш, бошқарувнинг ўзига хослигини назарда тутиб мослаштириш, зарур таҳлилий маълумотлар билан тўлдириш юзасидан фикр алмашилди.


Лойиҳа шаҳардаги барча идора, ташкилот, ўқув юртлари билан ҳамкорликда ишга туширилиши белгиланди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА