Судьянинг онги адолатни, тили ҳақиқатни, дили покликни улуғлаши керак
Сурхондарё вилояти судида “Янги Ўзбекистон келажаги – ёш авлод билан адолатга садоқат" мавзуида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси ташкил этган тадбирда вилоятдаги умумюрисдикция ва маъмурий судлар судьялари, суд фахрийлари, суд тизими ходимлари, "Адолат" социал демократик партияси вилоят кенгаши фаоллари, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича Сурхондарё вилоят вакили (Омбудсман) ҳамда юридик йўналишда таълим олаётган талабалар иштирок этди.

Уч авлод вакилларини ягона мақсад йўлида бирлаштирган учрашувда Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Мингбоев, суд фахрийси Худоёр Муҳаммадиев ва бошқа кекса авлод вакиллари соҳанинг бундан ўн йил ва ундан аввалги даврдаги муҳити, суд-ҳуқуқ тизими ходимларига яратилган ҳаминқадар шароитлар ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди.

Судьялик касбининг масъулияти, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда судьяларнинг ўрни, соҳадаги ҳуқуқий янгиликлар, шунингдек, суд тизимида устоз-шогирд анъаналарини давом эттиришнинг ёш авлодни тарбиялашдаги аҳамияти қайд этилди. Коррупцияга қарши муросасиз курашиш, судья ва соҳа ходимларининг шахсий намунаси, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда қонун устуворлигини тарғиб қилишнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратилди. Судьялик касби юксак масъулият ва ҳалолликни талаб этиши, суд тизимида авлодлар ворислиги, устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлаш, касбга садоқат, судьялар ва соҳа ходимларига қўйиладиган юксак маънавий-ахлоқий талаблар ҳақида фикр алмашди. Ҳаётий тажрибаларини гапириб берди.

Учрашувда сўзга чиққан ўрта ва ёш авлод вакиллари судьяларнинг адолатли иш юритиши учун кейинги йилларда яратилган шароитлар, бўлғуси ҳуқуқшунослар соҳани чуқур эгаллаши учун кўрсатилаётган ғамхўрликлар хусусида фахр билан сўз юритди. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Қимматли маслаҳат ва йўл-йўриқлари билан соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган кекса авлод вакилларига чуқур миннатдорлик билдирди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири