Судьялар корпуси энг муносиб, малакали судьялар билан тўлдирилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2026 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров кенгаш фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликка алоҳида эътибор қаратаётганини қайд этли.
Судьялар олий кенгаши фаолиятининг асосий йўналишларидан бири – судьялар корпусини энг муносиб, малакали судьялардан иборат таркибда шакллантиришдан иборат.
Бу борада кенгаш томонидан ошкоралик принципи асосида ўтказилган судьялик лавозимларига танловлар жараёнида 471 нафар судья лавозимга тайинланди.
2026 йил 1 июль ҳолатига кўра 79 (4,6 фоиз) вакант лавозим мавжуд. Бундан ташқари, кенгаш ўзининг ваколатлари доирасида суд ҳокимияти мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш ҳамда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш билан боғлиқ бир қатор ишларни амалга оширмоқда.
Матбуот анжуманида Cудьялар олий кенгашининг судьяси Х.Содиқ кенгашнинг 2026 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти тўғрисида батафсил ахборот берди.
Таъкидландики, кенгаш томонидан одил судловга эришиш даражаси ҳамда уни амалга ошириш сифатини янада яхшилаш соҳасига доир қонунчиликни такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилган.
[gallery-30498]
Кенгаш суд тизимда маънавий-маърифий ишлар сифатини янада ошириш мақсадида узоқ йиллар судьялик лавозимида самарали фаолият кўрсатган фахрийларнинг ҳаёт йўлини ибрат мактаби тариқасида тақдим этиш ишларига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, 2026 йилнинг январь ойида ўзининг чуқур билими, одоб-ахлоқи ва маънавий фазилатлари билан касбдошларига намуна бўлаётган, 14 нафар судья “Ибратли судья” мукофоти билан, 10 нафар судьянинг ота-онаси ташаккурнома билан тақдирланган.
Шу билан биргаликда жамиятда адолат ўрнатилишида алоҳида ўрнак бўлаётган 41 нафар судьянинг ота-онасига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилган.
Матбуот анжумани иштирокчиларининг кенгаш фаолияти билан боғлиқ, жумладан судьялик лавозимларига номзодларни қандай мезонлар асосида танлаб олиниши, судьяларни бошқа ҳудудларга ўтказиш тартиби ва унинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида кўплаб саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА