Суд тизимини рақамлаштириш янада кенгайтирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йилдан маъмурий судларнинг ташкил этилиши мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимига алоҳида эътибор қаратилганини англатади.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга яна бир бор алоҳида урғу берилиб, 2021 йилдан бошлаб инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилиши, бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилиши, назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилиниши лозимлиги қайд этилди. Энди судлар «бир суд – бир инстанция» тамойилига амал қилган ҳолда иш юритади.
Бундан ташқари фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги учта судларни битта суд сифатида бирлаштирилиши бу ўз навбатида аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади.
Чет эл инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида, Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилиши давр талаби бўлди.
Шунингдек, йирик инвесторлар, ўз хоҳишига кўра низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилишлари мумкин.
Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларнинг суд биносига келмасдан онлайн тартибда ҳам мурожаат қилиш имконияти яратилади.
Шунингдек, жазони ижро этиш тизимида 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилади, биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олиниши назарда тутилмоқда.
Мазкур енгиллик натижасида ҳозирда жазо ўтаётган маълум бир шахсларга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имконияти яратилса, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш органидан, янги ташкил этиладиган Инсонпарварлик комиссиясига ўтказилиши белгиланмоқда. Бу ҳам кўнгилдаги гап бўлди.
Бир сўз билан айтганда, Мурожаатномада Президентимиз томонидан кўпгина соҳалар қатори суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва одил судловга эришишга қаратилган муҳим масалалар ўртага ташлангани эътиборни тортади .
Улуғбек Аҳмедов,
Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси.
Элмуроджон Ортиқов,
Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси