Суд-ҳуқуқ ислоҳотларида инсон манфаатлари устувор
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Янги Ўзбекистоннинг суд ислоҳотлари: маъмурий суд адолатли ва барқарор давлат бошқарувининг кафолати сифатида” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларда инсон манфаатларини таъминлаш устуворлик касб этаётгани ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда суд тизимини тубдан такомиллаштириш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, судьялар мақомини ошириш ва процессуал қонунчиликни такомиллаштиришга доир 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бу эса суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш ва фуқаролар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

Айниқса, маъмурий судларнинг ташкил этилиши давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан суд назоратини таъминлашда муҳим қадам бўлди. Бугунги кунда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан киритилаётган даъволарнинг 65–70 фоизи фуқаролар ва тадбиркорлар фойдасига ҳал этилаётгани мазкур тизимнинг самарадорлигини яққол кўрсатмоқда.
Давра суҳбатида парламент ва Олий суд ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Олий суд томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 2024 йилда 8 та, 2025 йилда 7 та ва 2026 йилнинг ўтган даврида 3 та қонун лойиҳаси киритилиб, қабул қилингани маълум қилинди.

Муҳокамаларда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор таклифлар илгари сурилди. Жумладан, маъмурий судга мурожаат қилинган пайтдан бошлаб шикоят қилинаётган давлат органи қарорининг ижросини автоматик равишда тўхтатиб туриш механизмини жорий этиш, судьяларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва моддий кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг дахлсизлигини таъминлашга қаратилган судьялар мақомини мустаҳкамловчи ягона қонунни ишлаб чиқиш, шунингдек, судлар фаолиятига замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект элементларини кенг жорий этиш таклиф этилди.
Якунда билдирилган таклифлар асосида маъмурий судлар фаолияти самарадорлигини ошириш ва қонунчиликни янада такомиллаштиришга қаратилган амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА