Суд аппарати ходимлари очиқ танлов асосида ишга олинади
Давлатимиз раҳбарининг “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, HR-менежмент механизмларидан кенг фойдаланган ҳолда судлар аппаратининг кадрларини бошқариш ва назорат қилишнинг самарали ва замонавий тизими жорий этилади.
Фармонга кўра, 2026 йил якунига қадар номзодларнинг шахсий ва касбий фазилатлари, шу жумладан, уларнинг маънавий-ахлоқий ва ҳалоллик сифатларини ҳаққоний баҳолаш имконини берувчи очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш тизими жорий этилади.
Вакант лавозимларни эълон қилиш ва номзодларни саралаш жараёнларини рақамлаштиришга мўлжалланган “vacancy.sud.uz” портали ҳамда суд тизимида ходимлар билан ишлашга қаратилган “SudHR” электрон платформаси ишлаб чиқилиб, ишга туширилади.
Судларга олий юридик маълумот ва илмий салоҳиятга эга бўлган кадрларни жалб қилишда республиканинг етакчи олий таълим муассасалари ҳамда Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.
2026 йил сентябргача Одил судлов академиясида судьялар ва суд аппарати ходимлари фаолиятида манфаатлар тўқнашуви ва коррупциянинг бошқа кўринишларини олдини олиш бўйича “реал кейслар”га асосланган ўқув-амалий модул жорий этилади.
Н.Абдураимова, ЎзА